Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзод Алишер Қодиров қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда ўз сайловолди дастурида мактаб таълимидаги оғриқли нуқталар ҳақида гапирди.
– Очиғини айтиш керак бугун фарзандларимизни қолипга солиб қўйяпмиз. Яхши ўқитувчига берамиз, қўшимча репетиторга тайёрлантирамиз, инглиз ва рус тилларини чуқурроқ ўрганишини истаймиз, нима мақсадда, фақатгина олий таълим муассасасига ўқишга киритиш учун. Гуё улар имтиҳон учун тайёрланишади. Ўқишга кирган кундан бошлаб, очиғини айтишимиз керак кўпчилигининг мақсадга интилиши тўхтайди. Диплом олсам бўлди у ёғи бир гап бўлар қабилида иш тута бошлайди. Шу боис умумтаълим мактабларида сифатли таълимни кучайтириш зарур. Бунинг учун билимли ва тажрибали ўқитувчиларга эътибор қаратишимиз лозим.
Жумладан, мактабларда бошқарув, ўқитувчига муносабат ва тарбия-таълим ишларини ташкил этиш тубдан ўзгартирилади (хусусий мактабларга рухсат берилади). Ўқитувчиларга ўз мутахассислигидан ташқари бошқа фанлардан дарс бериш ва синф раҳбарлигини бириктириш тартиби бекор қилинади. Синф раҳбарлиги фақат “Тарбия” фани ўқитувчилари зиммасига юклатилади. Ўқитувчиларга иш ҳақи камера кузатувлари асосида ҳисобланадиган рейтинг балларига мувофиқ белгиланади. Бунда энг яхши дарс берган ўқитувчи юқори, сифатсиз дарс берган ўқитувчи кам маош олади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА