Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ўтказилган Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилишида «Миллий тикланиш» фракцияси раиси Алишер Қодиров партиянинг Конституциянинг аниқ моддаларига бир қатор ўзгартириш киритиш бўйича ўз таклифларини маълум қилди.
Йиғилишда Алишер Қодиров айнан Конституциянинг 31-модда, 41-модда ва 63-моддасига ўзгартириш киритиш таклифларини илгари сурган. Хусусан, оила, виждон эркинлиги ва тарбия кафолати борасида моддаларга ўзгартиришлар киритилиши ҳақида фикр билдирган.
- Партиямиз электорати ўтказган йиғилишда аниқ моддаларга ўзгартириш киритиш бўйича бир қатор таклифлар берди, - дейди Алишер Қодиров. - Хусусан, 63-моддада оила билан боғлиқ бўлган норма бугунги кунда томонларнинг ихтиёрий розилиги билан ташкил этиладиган уюшма эканлиги таъкидланган. Оиланинг аёл ва эркакдан иборат бўлиши биз учун қадрият даражасида муҳим аҳамиятга эга эканлигини билган ҳолда 63-моддада бу масалани аниқ белгилаб қўйишимиз зарур.
Иккинчидан, Конституциянинг 31-моддасида виждон эркинлиги таъминланиши ва ҳеч кимни ҳеч қандай эътиқодга мажбурланиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. Электоратимиздан келаётган жуда кўп таклифлар асосида шу моддага диний эътиқод масаласида фуқароларни камситиш ҳам мумкин эмаслигини киритиб қўйиш керак.
Шунингдек, 41-моддада умумий таълимнинг давлат томонидан кафолатланиши белгиланган. Нима учун таълим давлат кафолатида, лекин тарбия жараёнларини давлат кафолатламаслиги керак? Бу ерда мамлакатни 18 ёшдан кейин ҳимоя қилиши, ривожлантириши учун ҳисса қўшиши керак бўлган фуқаронинг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бўлган 3–5 йиллик давр ҳақида гап кетяпти. Таклифимиз, айнан шу даврда давлат тарбияни ўз кафолатига олиши жуда ҳам муҳим.
ЎзА