Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алишер Қодиров машина олди-сотдисига оид фирибгарликларни танқид қилди
12:13 / 2025-11-25

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Унга кўра, автотранспорт воситасининг босиб ўтган масофасини кўрсатувчи одометр ускунаси кўрсаткичлари ўзгартирилгани ёки одометр ускунаси алмаштирилгани ҳақида автотранспорт воситасини реализация қилишдан олдин харидорни хабардор қилмаганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Шунингдек, маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс, жабрланувчи адвокат ва қонуний вакилга судья ёки мансабдор шахснинг иштирокини рад қилиш ҳуқуқи, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишда иштирок этишга монелик қиладиган ҳолатлар белгиланмоқда.

— Суд ишини кўриб чиқишда судья ва бошқа шахсларнинг иштирокини рад этиш механизмлари кўпгина кодексларда мавжуд, — деди депутат Ш.Жолдасова. — Аммо бу механизм Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда мавжуд эмас. Махсус ҳуқуқдан маҳрум қилинган шахснинг ушбу ҳуқуқини тиклаш механизмида бир нечта камчиликлар мавжуд. Махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддатини қисқартириш тўғрисидаги илтимоснома ҳуқуқдан маҳрум қилинган шахс томонидан эмас, балки корхона, муассаса, ташкилот маъмурияти томонидан киритилиши коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Олий суд маълумотларига кўра, ўртача 6 мингга яқин шундай илтимосномалар кўриб чиқилиб, 5 мингга яқини қаноатлантирилган. Шундан келиб чиқиб, лойиҳада маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс адвокат ва қонуний вакилга судья ёки мансабдор шахснинг иштирокини рад қилиш ҳуқуқи белгиланмоқда.  

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида вояга етмаганлар иштирокидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича ишларни кўришда педагог ёки психологнинг мажбурий иштирок этиши талаби назарда тутилмоқда.  

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш жараёнида вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳолатларда педагог ва (ёки) психолог иштирокини таъминлаш маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколати бўлган органлар (мансабдор шахслар) зиммасида бўлади.

Қонун лойиҳасида махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси бир ярим йилгача муддатга тайинланган бўлса, махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддатини қисқартириш тўғрисида илтимоснома киритиш имконияти жазо муддатининг ярми ўтгач, бир ярим йилдан уч йилгача муддатга тайинланган бўлса, учдан икки қисми ўтгач тақдим этилиши ўз аксини топмоқда.  

Шу билан бирга, махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддатини қисқартириш тўғрисида илтимоснома киритиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар тоифаси кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасидаги нормалар истеъмолчилар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилиш, суд ишларини кўришда уларни руҳий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.  

Муҳокамаларда бир қатор таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. ЎзМТДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров бугун Ўзбекистон автомобилсоз давлатга айланганини эътироф этган ҳолда айрим шахслар машина олди-сотдисини касбга айлантирганини айтиб ўтди. Бу соҳадаги фирибгарликларни бартараф этиш муҳимлигини урғулади. Жумладан, машинанинг одометр ускунаси кўрсаткичлари ўзгартирилиб, автотранспорт ёшининг кичик қилиб кўрсатилаётганидан аҳоли вакиллари жабр чекаётганини таъкидлади. Шу маънода ушбу қонун лойиҳаси истеъмолчи ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган халқчил қонун бўлишини қайд этди.    

Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА