Давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш соҳалар ривожи ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга замин бўлади. Ҳар йилги Бюджетномалардан кўряпмизки, соҳаларга ажратилаётган маблағлар ҳажми йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Аммо айрим ҳолларда ушбу маблағларни ўз вақтида ўзлаштирмаслик, улардан самарали фойдаланмаслик, қолаверса, нотўғри ва мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари ҳам юзага келмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил тўққиз ойдаги ижроси ҳақидаги ҳисобот муҳокама қилинар экан, бюджет ижроси доирасидаги бир қатор амалий ишлар билан бирга, соҳадаги муаммоларга ҳам эътибор қаратилди.

Аввало таъкидланганидек, Давлат бюджетидан ижтимоий барқарорликни таъминлаш мақсадларига ажратилаётган маблағлар ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хусусан, таълим тизимига ажратилаётган маблағлар миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга ошиб, 57,2 триллион сўмни ташкил этди. Бу маблағнинг 66 фоизи умумий таълимга, 21 фоизи мактабгача таълимга ва 13 фоизи кадрлар тайёрлашга йўналтирилган.
Муҳокамаларда фракция раҳбари Алишер Қодиров давлат молиявий назорати бўйича аниқланган камчиликлар, жумладан, бюджет маблағларидан нотўғри фойдаланиш ҳолатларига тўхталиб, ҳисобот даврида 3 триллионга яқин маблағ асоссиз харажат қилинганини таъкидлади.

Фракция аъзоси Дилноза Азизова эса ҳисобот даврида ахборот-кутубхона марказлари учун бюджетдан 207,2 миллиард сўм маблағ сарфланганидан келиб чиқиб, бу маблағнинг манзилли сарфланиши масаласини кўтарди. Халқ вакилининг таъкидлашича, депутатлар ҳудудларга ўрганишга чиққанида аксарият кутубхоналарнинг нафақат моддий-техник таъминоти талабга жавоб бермайди, балки улар жойлашган бинолар ҳам таъмирга муҳтож.
Яна бир қатор фикр-мулоҳазаларда ажратилаётган бюджет маблағлари айрим вазирлик ва идоралар томонидан ўз вақтида ўзлаштирилмаётганига эътибор қаратилди.

Шунингдек, фракция аъзоси Нодирбек Тилаволдиев хизматлар соҳаси бўйича нарх кўтарилган соҳа ички ҳаво қатнови билан боғлиқ бўлганини, жумладан, чипталар нархи 61 фоизга оширилганини қайд этиб, бунга нима сабаб бўлгани бўйича Транспорт вазирлиги вакилидан изоҳ сўради.
Йиғилишда ҳукумат вакиллари депутатлар томонидан кўтарилган шу ва бошқа кўплаб саволларга тушунтириш бериб ўтди. Қизғин муҳокамалардан сўнг депутатлар бюджет ижроси бўйича 9 ойлик ҳисоботни қўллаб-қувватлади.
Шундан сўнг бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА