Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алишер Навоий ва Шарқ ренессанси
11:43 / 2026-02-10

Тошкент давлат шарқшунослик университетида Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан “Алишер Навоий ва Шарқ ренессанси” мавзусида халқаро симпозиум бўлиб ўтди.

Ушбу симпозиум Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Алишер Навоий номидаги жамоат фонди ва Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида бешинчи бор ташкил этилмоқда.  

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази, Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва бошқа бир қатор ташкилотлар мутасадди раҳбарлари, Туркия ва Озарбайжоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари ва навоийшунос олимлар иштирок этди.

Жаҳон адабиёти тарихида ўчмас из қолдирган Алишер Навоийнинг серқирра ижодий, илмий-маърифий фаолияти, бой адабий-бадиий мероси асрлар давомида Ватанга садоқат, юксак инсонпарварлик, илм˗маърифат тимсоли экани таъкидланди. Бу мумтоз сиймо ўта мураккаб шароитда миллий ва умуминсоний ғояларни баланд кўтариб майдонга чиққани, ўзбек адабий тилига асос солиб, унинг ўлмас руҳи, қудрати ва латофатини ҳар томонлама исботлаб бергани дунё шарқшунос олимлари томонидан чинакам маънавий жасорат намунаси сифатида эътироф этилади.

– Шу кунга қадар шарқшунос олим ва мутахассислар томонидан Навоий ижодидаги миллий қадриятлар, ахлоқий-ижтимоий меъёрлар ҳамда уларнинг бугунги ёшлар тарбиясидаги ўрни алоҳида тадқиқот объектига айланган, – деди Тошкент давлат шарқшунослик университети Илмий тадқиқотлар ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Ҳулкар Мирзаҳмедова. – Университетимиз ва Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида “Навоий издошлари” номли танлов ўтказилди. Ушбу  танловда иштирокчилар Алишер Навоий қаламига мансуб камида 85 та ғазални мукаммал ёд олиши, аруз вазни қоидаларига мувофиқ ифодали ўқиши, ғазалда қўлланган барча сўзларнинг луғавий маъносини изоҳлаши, байтлар насрий баёнини айта олиш талаблари шарт қилиб белгиланди. Бундан асосий мақсад Навоий ижодини кенг тарғиб қилиш ва чуқур ўрганишдир.

Ушбу нуфузли симпозиумнинг ўтказилиши ҳам мамлакатимизда илм-фан, айниқса, шарқшунослик соҳасида Навоий адабий меросига берилаётган эътиборнинг яққол далили бўлди. Симпозиум давомидаги илмий алмашинувлар, олимларнинг топилмалари навоийшунослик соҳасидаги илм˗фанни янада мазмунли қилиб, келгусидаги қўшма лойиҳаларга асос яратади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА