French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Алишер Навоий” операси мухлисларга тақдим этилди
16:53 / 2026-02-10

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрида атоқли композитор, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Мустафо Бафоев мусиқий асарига Ш.Сирожиддинов, О.Узоқов либреттоси асосида саҳналаштирилган “Алишер Навоий” операсининг премьераси бўлиб ўтди.

Маълумки, улуғ аллома бобокалонимиз яшаган мураккаб ва синовларга тўла давр наинки тарихчилар, балки ижод аҳлида ҳам катта қизиқиш уйғотади.  

Устоз композитор Мустафо Бафоев ҳам Навоий яшаган муҳитга опера санъати орқали мурожаат этиб, уни бетакрор саҳна асари сифатида мухлисларга тақдим этгани эътиборга молик.  

–Алишер Навоий ижодига талабалик йилларидан буён қизиқаман, – деди устоз композитор Мустафо Бафоев. – Бу бебаҳо меросни имкон қадар мукаммал ўрганишга ҳаракат қилдим. Шоирнинг “Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш” номли сатрлари билан бошланувчи рубоийсига мусиқий асар яратдим. Бу асар ўз даврида фестивалда муваффақият билан ижро этилди. Кейинчалик шоир ғазаллари асосида “Ҳолати Алишер Навоий” номли симфония ёздим. Сўнгра “Лисон ут-тайр”га мусиқий асар яратдим. “Алишер Навоий” операсини ёздим. Менгача Мутал Бурхонов “Навоий” операсини ёзган эди. Бир сўз билан айтганда, мутафаккир бобомиз ижоди билан кўплаб мусиқий асарларим боғлиқ.  

“Алишер Навоий” операси шоирнинг элпарварлик, инсонпарварлик, эзгуликка йўғрилган фаолияти, ўша даврдаги айрим тарихий шахсларнинг шуҳратпарастликка берилиши, тожу-тахт учун беаёв курашлари ҳақида таъсирчан тарзда ҳикоя қилади.      

Спектаклнинг мусиқий раҳбари ва дирижёр – Ўзбекистон санъат арбоби Фазлиддин Якубжанов. Саҳналаштирувчи режиссёр – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳайдарали Қосимов. Саҳналаштирувчи рассом – Ўзбекистон санъат арбоби Шуҳрат Абдумаликов томонидан тайёрланган маҳобатли безак ва декорациялар спектакль таъсирчанлигини оширишга хизмат қилган. Бош хормейстер - Ўзбекистон халқ артисти Сулаймон Шодмонов. Балетмейстерлар - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон халқ артисти Замир Нуримбетов ҳамда Чарос Жўрабоева томонидан яратилган бетакрор рақс композициялари спектаклга ўзгача жозиба бағишлаган.

Спектаклда Алишер Навоий сиймосини таниқли опера хонандаси Рустам Алимардонов гавдалантирган. Умуман олганда, миллий мусиқий асарлар, гўзал рақслар асосида яратилган ушбу спектакль томошабинларда ўзгача қизиқиш уйғотди.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири