Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди вакиллари Эронга илмий экспедиция уюштиради
20:31 / 2022-07-28

Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ижрочи директори Олимжон Давлатов 2022 йили 28 июлда Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Наййирободийни қабул қилди.

Томонлар Алишер Навоий шахсияти ва ижодини тадқиқ ва тарғиб этиш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фикр алмашдилар.

Эрон элчиси сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабат ва кўп қиррали ҳамкорлик кучайиб бораётганини, айниқса, илм-фан ва маданият соҳасида ўзаро ҳамкорлик ва мулоқотлар фаоллашаётганини қайд этди. Эронда Темурийлар даври, айниқса, Алишер Навоий номи билан боғлиқ бўлган маданий мерос объектлари бугунгача сақланиб қолган бўлиб, туркий халқларнинг маънавий байроғи бўлган буюк Навоий ўз навбатида форс халқининг ҳам севимли шоири ва давлат арбоби эканини алоҳида таъкидлади.

Навоий ҳаётининг муайян қисми Язд, Нишопур, Машҳад, Астробод шаҳарларида ўтгани тарихий манбалардан маълум. Аммо бугунги кунгача мазкур шаҳарларнинг шоирнинг ижодий биографиясидаги таъсири етарлича ўрганилган эмас. Шунингдек, Эрондаги кутубхоналарда Навоий асарларининг ҳаётлиги даврида кўчирилган қўлёзмалари мавжуд бўлиб, улар ўз тадқиқотчиларни кутмоқда, - дея таъкидлади фонд ижрочи директори Олимжон Давлатов.

Мулоқот давомида Навоий асарлари қўлёзмалари нусхаларини Ўзбекистонга келтириш, Эрондаги Навоий номи билан боғлиқ меъморий обидаларни ўрганиш, шоирнинг форсий меросини чуқурроқ ўрганиш, ўзбекча ғазалларини форс тилига таржима қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбек ва эронлик навоийшунослар иштирокида Эронда “Алишер Навоий изидан” халқаро илмий экспедиция уюштириш ҳақида келишувга эришилди. Экспедиция давомида илмий тадқиқот муассасалари ва етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзолаш ҳам назарда тутилган.

ЎзА