Бир экспонат тарихи
Тошкент шаҳрининг яқин тарихдаги кўриниши, эски шаҳарнинг умумий атмосфераси қандай бўлгани кўпчиликка қизиқ бўлса керак. Катта мегаполисга айланиб бораётган пойтахтимизнинг ўтган асрдаги ҳолатини тасаввур қилишда тарихий манбаларнинг ўрни муҳим. Шу билан бирга, музейлардаги экспонатлар ҳам томошабинлар учун яхши манба бўлиб хизмат қилади.
Пойтахтимиздаги Политехника музейидан “Алишер Навоий кўчаси” деб номланган кўргазма ўрин олган бўлиб, у орқали эски Тошкент ҳақида билиб олиш мумкин. Бу ҳақда музей экскурсоводи Маҳмуд Содиқов қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Музейимизда Тошкент шаҳрининг аввалги кўриниши ҳақида маълумот берувчи ажойиб кўргазма – “Алишер Навоий кўчаси” деб номланган экспозиция ўрин олган. У ҳозирги Алишер Навоий кўчасининг 1957 йилги ҳолатини тасвирлайди. Маълумотларга кўра, 1938 йилдан бошлаб ушбу кўча “Алишер Навоий кўчаси” деб номланган.
Бу кўргазма орқали биринчи навбатда, Тошкент шаҳрининг ўша пайтдаги ҳолати, унинг атмосфераси, аҳолиси ҳамда транспорт воситалари ҳақида маълумотларга эга бўламиз. Жумладан, кўргазмада автобус, троллейбус, трамвай ва автомобилларнинг турлари ўрин олган. Шу аснода биз ушбу транспортларнинг Ўзбекистонда пайдо бўлиш тарихи ҳақида маълумотларга эга бўлишимиз мумкин.
Хусусан, Тошкентда илк трамвай қатнови 1912 йилнинг 29 декабрида йўлга қўйилган. Автобус қатнови эса 1909 йилда йўлга қўйилган бўлиб, ўша пайтда 10 та автобус турли йўналишларда маълум интерваллар оралиғида ҳаракатланган. Иккинчи жаҳон уруши ниҳоясига етганидан сўнг, аниқроғи, 1947 йилнинг 5 ноябридан эса Тошкентда илк троллейбус ҳаракати бошланган.
Ушбу кўргазмамиз орқали томошабинлар Тошкент шаҳрининг ўша даврдаги аҳолиси, кийиниши, шаҳар ландшафти, биноларнинг жойлашуви кўришлари, ажойиб атмосферасини ҳис қилишлари мумкин.
Алишер Навоий кўчасининг ўша пайтдаги кўриниши катталаштирилган фотография асосида намойиш этилган. Ушбу расмда ўша пайтдаги марказий телеграф биноси тасвирланган. Марказий телеграф биноси кўҳна Тошкентнинг архитектуравий ёдгорликларидан бири ҳисобланиб, шаҳарнинг ўша даврдаги кўриниши, архитектураси ҳақида тасаввур уйғотади.
Умуман, музейимиздаги ушбу кўргазма томошабинда Алишер Навоий кўчаси ҳамда эски Тошкент билан боғлиқ илиқ хотираларни уйғотади ва тасаввурларни пайдо қилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/dP2cb4LM88Y?si=qFW9fQ1ahF3dar4S" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Муҳтарама Комилова, Нишон Абдувоитов (видео), ЎзА