Навоий шаҳридаги “Маънавият ва маърифат” марказида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Алишер Навоий номидаги Халқаро жамоат фонди ҳамда Навоий давлат университети ҳамкорлигида “Алишер Навоий илмий-адабий меросининг умумбашарият маънавий ва маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусида V халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 7 февралдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ижодий меросини юртимиз ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида “Алишер Навоий йили”ни юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган халқаро илмий конференцияда АҚШ, Туркия, Япония, Озарбайжон, Эрон, Покистон, Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби давлатлардан навоийшунос олимлар ҳамда республикамизнинг барча олийгоҳларидан таниқли профессор-олимлар, ижодкор зиёлилар, маънавият соҳаси фидойилари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди директори Олимжон Давлатов ва бошқа навоийшунос олимлар ҳозирги глобаллашув даврида маънавий тараққиётга эришиш, аждодларимиз яратган бетакрор илмий-ижодий меросни чуқур ўрганиш, уни халқимиз, айниқса, ёшлар онгига сингдириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади. Шу нуқтаи назардан буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоийнинг илмий-адабий меросини чуқур ўрганиш, унинг асарларида акс этган инсонийлик, маърифат, адолат, ахлоқ ва эзгулик ғояларини замонавий илмий ёндашувлар асосида таҳлил этиш ҳамда бу бой маънавий хазинани халқаро миқёсда тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга.
– Алишер Навоийнинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрнини тасаввур қилиш учун Навоийгача бўлган давр ҳамда ундан кейинги асрларни қиёслаш кифоя, – дейди Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди директори Олимжон Давлатов. – Асрлар давомида туркийлар мусулмон Шарқининг сиёсий ва иқтисодий ҳаётида етакчи халқлардан бўлганига қарамасдан, маданий ҳаёт, айниқса, адабиёт соҳасида туркий тилларнинг роли сезиларли даражада эмасди. Алишер Навоийнинг оламшумул асарлари туфайли ўзбек тили адабий тил сифатида узил-кесил шаклланиб, бу тилда юзлаб олим ва шоирлар турли мавзу ва мазмундаги асарлар ёзиш имконини қўлга киритди. Бошқа туркий халқлар намояндалари ҳам Навоийни ўзига устоз деб билиб, ўз она тилларида миллий адабиёт яратилишига камарбаста бўлиб, шу тариқа бошқа туркий халқларнинг адабиёти ҳам мумтозлик даражасига кўтарилди. Шу маънода Алишер Навоийни бутун туркий халқларнинг маънавий байроғи, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бугунги кунда ҳам Навоий ижодини ўрганиш ва уни тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Буюк мутафаккир асарлари турли тилларга мукаммал таржима қилинаётир.
Тадбирда туркиялик адабиётшунос олим Кемал Явуз Атаманга “Навоий давлат университети профессори” фахрий унвони берилди.
– Бу гўзал минтақага иккинчи марта ташриф буюриш мен учун катта шарафдир, – дейди Кемал Явуз Атаман. – Алишер Навоий нафақат буюк асарлар муаллифи, балки Шарқ Уйғониш даврининг атоқли намояндаси, таниқли жамоат арбоби, хусусан, мадраса мактабларининг асосчиси бўлган ва ўз даврининг ўқимишли ҳамда билимдон одамларини фаол қўллаб-қувватлаган. Мен Алишер Навоийга бағишланган “Алишер Навоий шеъриятида танқидий таҳлилий тафаккур” ва “Алишер Навоий асарларида хизмат ва бурч тушунчаси” каби долзарб мавзуларга бағишланган ўнга яқин илмий мақолалар муаллифиман. Алишер Навоий ижодида бизнинг давлатда ҳам алоҳида ҳурмат кўрсатилади. Жумладан, 2025 йил 5-6 май кунлари Туркия Республикасининг қадимий Кўнё шаҳрида “Мавлоно Румий ва Алишер Навоий: Онадўлидан Хуросонга қадар илм ва ҳикмат ёғдуси” халқаро симпозиуми бўлиб ўтди. Ушбу илмий форумда ўн бешдан ортиқ мамлакатдан тадқиқотчилар ва мутахассислар иштирок этди. Форумнинг очилиши Мавлоно боғида бўлиб ўтди, у ерда мевали дарахтлар кўчатларини экиш учун рамзий акция ўтказилди. Бугунги кунда Кўнё шаҳрида Алишер Навоий боғини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Навоийда бўлиб ўтаётган ушбу анжуманда биз ноёб маданий ва экологик ташаббусни эълон қилдик. Анжуман доирасида маъруза қилган ҳар бир иштирокчига махсус шахсий сертификат берилади. Ушбу гувоҳноманинг моҳияти шундан иборатки, ҳар бир маърузачи номидан боққа илм-фанга қўшган ҳиссаси ва узлуксизлигини англатувчи дарахт экилади.
Навоийшунос олимлар “Алишер Навоий илмий мероси ва жаҳон илм-фани ривожи”, “Алишер Навоий адабий мероси ва умумбашарият маънавий-маърифий тараққиёти”, “Жаҳон навоийшунослиги: бугунги ютуқлар ва янгиликлар”, “Навоий ижодиёти тадқиқи: фанлараро муносабат ва замонавий талқин”, “Навоий “Хамса”си ва компаративистика масалалари”, “Алишер Навоий ва жаҳон тилшунослиги”, “Алишер Навоий ва адабий таъсир масалалари” каби шўъбаларга бўлиниб, буюк мутафаккир ижодини ўрганишда эришилган ютуқлар ва ечимини кутаётган масалалар хусусида фикр алмашди.
– Навоий шаҳрида бўлиб ўтаётган мазкур анжуманнинг асосий мақсади Алишер Навоийнинг илмий ва адабий меросини чуқур ва тизимли ўрганишдир, – дейди Озарбайжон фанлар академияси Низомий Ганжавий номидаги адабиёт институти профессори Алмаз Улвий Биннатова. – Шахсан мен учун бу шундай кенг кўламли ва муҳим илмий тадбирда иштирок етиш учун бешинчи имкониятдир. Миллатлараро маданий ҳамкорлик шароитида Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида энг муҳим маданий воситачи бўлган 20-асрнинг энг буюк адабиёт ва илм-фан арбобларидан бири Мақсуд Шайхзоданинг сиймосига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Унинг кўп қиррали илмий мероси орасида Алишер Навоий ижоди таҳлилига бағишланган “Ғазал салтанати султони” монографияси асосий ўринни эгаллайди. Унда Шайхзода Навоийнинг поэтикаси, лирикаси ва аёл образларини акс эттиришнинг ўзига хос хусусиятларини ҳар томонлама таҳлил қилади. Шунингдек, тарбиявий ва ватанпарварлик тушунчаларини атрофлича ўрганади, ижодининг фольклор билан боғлиқлигини очиб беради. Эътиборлиси, ушбу китоб Озарбайжон ва Ўзбекистонни боғлайдиган умумий классик меросни оммалаштиришнинг самарали воситаси бўлиб хизмат қилади.
[gallery-25794]
Халқаро илмий конференциянинг иккинчи кунида иштирокчилар Нурота туманидаги “Чашма” зиёратгоҳида бўлишди ва у ерда ташкил этилган миллийликни тарғиб этувчи кўргазма билан яқиндан танишди.
Туман марказидаги амфитеатрда эса меҳмонлар учун мусиқали бадиий-маърифий дастур ташкил этилди. Унда сўз мулкининг султони қаламига мансуб асарлар асосида мумтоз қўшиқлар ижро этилиб, достонлари асосида саҳналаштирилган бадиий чиқишлар намойиш қилинди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари