Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алишер Навоий асос солган шифохона
08:16 / 2025-11-19

Бундан беш аср муқаддам, Темурийлар салтанатининг гуллаган даврида Ҳирот шаҳрида шундай бир маскан бунёд этилдики, у нафақат минглаб беморларга шифо улашди, балки бутун бир минтақанинг илмий ва ижтимоий ҳаётига чуқур таъсир кўрсатган ижтимоий воқеага айланди.

Бу – ҳазрат Алишер Навоийнинг бевосита ташаббуси ва ҳомийлиги остида ташкил этилган “Дорушшифо” (Даволаш уйи) эди. Бугунги кунда кўпчилик Навоийни буюк шоир ва мутафаккир сифатида билса-да, унинг давлат ва жамият равнақи йўлидаги бунёдкорлик ишлари, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишдаги фаолияти ҳали-ҳануз ўзининг тўлиқ баҳосини олганича йўқ. Дорушшифо – бу шунчаки касалхона эмас, балки Навоийнинг инсонпарварлик ғоялари ва тиббиётга бўлган эътиборининг моддий ифодаси эди.

Тарихчи Хондамир ўзининг “Хулосат ул-ахбор” (“Хабарларнинг хулосаси”) асарида бу маскан ҳақида қимматли маълумотларни қолдирган. Унинг ёзишича, аслида Маҳдиулё Милкат оғо томонидан қурдирилган бино айнан Алишер Навоийнинг “диққат-эътиборлари билан ободонликка юз қўйган”. Масжиди Жомеънинг жанубида жойлашган бу шифохона “бағоят латофатли ва ниҳоятда назофатли қилиб қурилган” эди. Тасаввур қилинг, бинолар орасида жаннат мисол кавсар ҳовузи мавжуд бўлиб, бу ҳолат ўша давр меъморчилигида эстетика ва функция бирлашган ноёб ҳодиса эди. Бу масканнинг ташкил этилиши замирида Навоийнинг тиббиёт фанига бўлган чуқур қизиқиши ва уни ривожлантириш истаги ётарди. У ўз даврининг барча фанлари қатори тиббиёт ривожига ҳам алоҳида ғамхўрлик қилган, бу йўлда нафақат маънавий, балки улкан моддий кўмак ҳам берган.

Дорушшифонинг фаолияти ўша давр учун мукаммал ташкил этилган эди. Хондамирнинг гувоҳлик беришича, бу ерда “Хизр қадамли ҳакимлар ва Исо нафаслик табиблар доимо беморларни даволаш ва ғарибларнинг касалини шифолаш билан машғулдирлар”. Бу ўхшатишларнинг ўзиёқ шифохонага энг етук, ўз ишининг моҳир усталари жалб қилинганидан далолат беради. Энг муҳими, бу масканда беморлар учун барча шароитлар яратилган эди. “Даволар ва овқатлардан нима керак бўлса, бу қутлуғ маконда шай ва ҳозирдир”, – деб ёзади тарихчи. Бу, шифохонада дори-дармон ва озиқ-овқат таъминоти марказлашган ҳолда йўлга қўйилганини англатади. Айниқса, “ғариблар”, яъни узоқ юртлардан келган мусофир ва камбағал беморларнинг ҳам бу ерда даволангани, уларга овқатларнинг бепул берилгани Дорушшифонинг нафақат тиббий, балки ижтимоий аҳамиятга эга бўлганини кўрсатади.

Дорушшифонинг шуҳрати тез орада бутун Мовароуннаҳр ва Хуросонга тарқалди. Бунинг яққол исботини “Навоий альбоми”да сақланиб қолган ноёб мактубларда кўриш мумкин. Жумладан, Самарқанддаги нуфузли дин арбоби Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг Алишер Навоийга йўллаган хатида бир бемор ўзидаги иллатдан қутулиш умидида айнан Ҳиротга, Навоий остонасига отланганини ёзиб, унга ёрдам кўрсатишни сўрайди. Бошқа бир мактубда эса Хожа Аҳрорнинг ўзи касал бўлиб қолганида, табиб олиб келиш учун ўз яқин кишисини Самарқанддан Ҳиротга юборгани қайд этилади. Бу воқеалар орадаги улкан масофага (ўттиз беш кунлик йўл) қарамай, Ҳирот табибларининг обрўси қанчалик баланд бўлганини яққол намоён этади. Айниқса, Самарқандда кўз касаллигини даволайдиган ишончли табиб (каҳҳол) топилмагани сабабли Мавлоно Фазлуллоҳ исмли кишининг Ҳиротга сафарга чиққани Дорушшифонинг юқори даражадаги ихтисослашган марказга айланганидан далолат беради.

Шундай қилиб, Алишер Навоий томонидан асос солинган Дорушшифо шунчаки даволаш маскани эмасди. Бу – ўз даврининг энг илғор табибларини бирлаштирган илмий марказ, узоқ-яқиндан келган беморларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, беғараз ёрдам кўрсатган инсонпарварлик қўрғони, темурийларнинг ижтимоий сиёсати ва илм-фан ҳомийлигининг ёрқин тимсоли эди. Навоийнинг ушбу иши аждодларимизнинг халқ саломатлиги ҳақида қайғуришдек эзгу ишларда ҳам ўрнак бўлганининг исботидир. 

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА