Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алиментдан қочаман, деб ўйласангиз оқибати оғир бўлади
11:54 / 2026-01-08

Денов туманида яшовчи Шукур Аҳатов (исм-шариф ўзгартирилди) оиласидаги келишмовчилик оқибатида ёш она бир ёшга ҳам тўлмаган қизалоғини бағрига босиб, ота уйига кетишга мажбур бўлди. Орадан анча вақт ўтса-да, боланинг отаси на фарзандининг, на турмуш ўртоғининг ҳолидан хабар олди, на моддий ёрдам кўрсатди.

Қизалоғини якка ўзи боқаётган она қийналгач, тегишли идораларга мурожаат этди. Унинг аризаси кўриб чиқилиб, алимент тўлашдан бўйин товлаб келган бағритош отага нисбатан дастлаб 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Аммо бу ҳам сабоқ бўлмади. Тўғри хулоса чиқармади.

Ҳолат юзасидан МИБ Денов тумани бўлими давлат ижрочилари жиноят иши қўзғатди. Суриштирув ҳаракатлари чоғида қарздор ота бу ишининг якуни яхши бўлмаслигини, оталик масъулиятини ҳис этди. Ундан  қарийб 38 миллион сўм алимент қарздорлиги тўлиқ ундириб олинди. 

– Амалдаги қонунчиликка кўра, алимент вояга етмаган фарзандлар, шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз ота-онанинг қонуний ҳуқуқи ҳисобланади, – дейди МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қобилжон Турсунов. – Уни тўлаш мажбуриятидан бўйин товлаш қонун олдида жавобгарликка олиб келиши мумкин. Деновлик алиментчи отанинг қилмиши ҳам бунга яққол далил бўлади. 

Алимент қарздорлиги тўлиқ ундирилгач, давлат ижрочилари Шукур Аҳатовга жигаргўшаси учун белгиланган алимент маблағини ўз вақтида тўлаб бориш юзасидан тавсияларини бериб, унинг оқибатларини қайта тушунтирди.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири