Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алиментдан қарздор фуқаро жиноий жавобгарликка тортилса, алиментни ким тўлайди?
16:30 / 2022-09-22

МИБ ҳузурида «Алимент тўловлари» давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилган бўлиб, жамғарма маблағлари вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни қоплаб беришга йўналтирилади.

Мазкур жамғарма Президентимизнинг жорий йил 7 мартдаги «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, ташкил этилди.

Бунда қарздорликни қоплаб бериш учун мажбурий ижро ҳаракатини амалга оширган давлат ижрочиси алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарори асос бўлиб ҳисобланади. Шунга кўра, бюронинг Чортоқ туман бўлими иш юритувида бўлган ҳужжат ижроси доирасида жамғарма маблағи ҳисобидан 42 миллион 116 минг 832 сўм миқдордаги қарздорлик тўлаб берилди.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг 2015 йил 9 апрелдаги буйруғига кўра Д.Соттихўжаевдан ундирувчи Х.Соттихўжавева фойдасига 2 нафар фарзанди учун алимент ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Чортоқ туман бўлими иш юритувига олинган ва ҳаракатлар олиб борилган. Бироқ, қарздор жами 64 ой давр учун ҳисобланган 42 миллион 116 минг 832 сўм алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни тўламагани учун дастлаб маъмурий, ундан сўнг эса жиноий жавобгарликка тортилган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздорликни ундириш самарасиз бўлган.

Шундан сўнг қарздорлик жамғарма маблағлари ҳисобидан ундирувчи номига очилган пластик картага ўтказиб берилиши таъминланди.

Умуман олганда, бўлимлар иш юритувидаги жиноят натижасида алимент тўловлари учун етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ жами 107,7 миллион сўмлик 4 та ижро ҳужжати бўйича қарздорлик жамғарма ҳисобидан қоплаб берилди.

Ҳозирда давлат ижрочилари жамғармадан қопланган алимент тўловларини қарздордан қайтариш бўйича ижро ҳаракатларини амалга оширмоқда.

Гулноза Бобоева, ЎзА