Жиззахда фарзандларига алимент тўлашдан қочиб, давлат ижрочиларидан бир неча ой яшириниб юрган эркак ниҳоят топилди.
Давлат ижрочилари 62 миллион сўмдан ортиқ алимент қарзи тўпланиб қолган эркакни иккинчи турмуш ўртоғининг онаси, яъни янги қайнонасининг уйидан топишди. У бир неча ой давомида расмий чақирувларга жавоб бермасдан, турли манзилларда яшириниб юргани маълум бўлди.
Бундай ҳолатлар фақат ҳуқуқий эмас, маънавий жиҳатдан ҳам жиддий муаммодир. Чунки алимент – фақат пул эмас, балки оталик бурчи, фарзанд олдидаги масъулият ва виждоннинг ифодасидир. Қарздан қочиш – қонундангина эмас, инсонийликдан ҳам узоқлашишдир.
Афсуски, айрим оталар алимент тўламасликни иқтисодий қийинчилик ёки шахсий масала деб баҳолайдилар. Аслида эса бу – фарзанд тақдирига бепарволик, муҳаббат ва бурчни инкор этишдир. Жамиятда бундай ҳолатларга муросасиз муносабатни кучайтириш, масъулиятли оталик қадриятларини тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Мутасаддилар таъкидлашича, алимент мажбуриятларини бажариш – бу фақат юридик талаб эмас, балки инсонпарварлик тамойилидир. Давлат ижрочилари томонидан бундай ҳолатларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши эса, қонун устуворлиги ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
А. Қаюмов, ЎзА мухбири