Алимент тўлашдан бўйин товлади, оқибатда эса...
Гулистон туманлараро суди қарорига мувофиқ, қарздор О. Каримовдан вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент пули ундирилиши белгиланган. Суд қарорини амалга ошириш Мажбурий ижро бюросининг Гулистон туман бўлимига юклатилган ва ундириш ҳаракатлари олиб борилган.
Ижро жараёнида қарздор суд қарори билан танишган ва огоҳлантирилганига қарамасдан, алимент тўлашдан бўйин товлаб келган. Бу ҳолат қонун ҳужжатларига зид ҳаракат сифатида баҳоланиб, давлат ижрочиси томонидан унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Суд қарори асосида қарздорга ўн беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Мутахассислар таъкидлашича, алимент тўлашдан бўйин товлаш нафақат қонунга зид, балки фарзанднинг ижтимоий ва моддий ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, давлат органлари ва ижрочилар оилавий мажбуриятларни бажариш, фарзанд ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаол қўллаб-қувватлаш чораларини мунтазам олиб бормоқда. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюросининг Гулистон туман бўлими хабар берди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири