Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алимент тўлаш ота-она учун жазо эмас, аксинча мажбуриятдир
18:37 / 2020-12-10

Турмушнинг муштларидан қутулмаган Адолат (исм, шарифлари ўзгартирилган) келинлик хонадонидан ота уйига қайтди. Қизининг ғамини ейдиган ота-она бу ёруғ дунёни тарк этган, ака-укалар ўз ташвишларига андармон...

Вояга етмаган икки боланинг ейиш-ичишини қўлида тайинли ҳунари бўлмаган Адолат қандай ҳал этаркан? Ёлғиз аёл боши билан болаларининг келажагига қандай қилиб қайғуради? Моддий муаммоларни ҳал эта олишига кўзи етмаган Адолат собиқ турмуш ўртоғи Салимдан алимент ундириш учун судга ариза берди.

Суднинг алимент тўғрисидаги ҳал этув қарори чиққан бўлишига қарамасдан Салим фарзандлари олдидаги оталик масъулиятини эсламади. Аксинча, у Адолатни ундан пул талаб қилганликда айблаб, ўз мажбуриятидан бош тортди.

Мажбурий ижро бюроси органларида доимо долзарб бўлган алимент ишлари бевосита вояга етмаган болаларнинг келажаги билан боғлиқдир. Эндиликда, давлатимиз раҳбарининг жорий йилда қабул қилинган “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш тартиб-таомиллари устидан қатъий назорат ўрнатилади.

Шу мақсадда, 2021 йил 1 мартдан бошлаб ижро ҳужжатлари бўйича алимент мажбуриятларини бажариш қарздорлар томонидан Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, мавжуд ижро ишларидаги алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи билан интеграция қилиниб, ундирувчи (алимент олувчи) номига тегишли банк картаси расмийлаштирилади ҳамда алимент пуллари, шу жумладан, қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган алимент пуллари ушбу алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи орқали мазкур банк картасига ўтказилади.

Ҳозирда Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан алимент ундирувлари бўйича олиб борилаётган ижро ҳаракатлари ҳамда тушунтириш ишлари натижасида қарздор шахслар томонидан алимент маблағлари олдиндан тўлаб берилмоқда.

Жумладан, Бюронинг Миробод тумани бўлими иш юритувига Фуқаролик ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ туманлараро судининг 2012 йил 21 декабрдаги ижро варақасига асосан қарздор О.С. дан ундирувчи А.С фойдасига вояга етмаган икки нафар фарзанди таъминоти учун хар ойлик иш хақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисм миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича қарздор ота ўз фарзандлари учун 45 ойлик алимент пулларини, яъни 3 минг 800 АҚШ доллари кўринишида фарзандлари 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган миқдор олдиндан ундириб берилди.

Ҳар бир ота-она бир нарсани унутмаслиги лозим: Эр-хотиннинг келишмовчилигидан ҳеч бир фарзанд жабр кўрмаслиги керак. Вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминотини таъминлаш ота-она учун жазо эмас, аксинча мажбуриятдир.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА