Оила мустаҳкамлиги — жамият барқарорлигининг таянчи. Бироқ Жиззах вилоятидаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ажримлар ортиши ортидан энг оғир юкни болалар кўтармоқда.
Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев раҳбарлигида ўтказилган кенгайтирилган таҳлилий йиғилишда оилавий ажримлар ва алимент ундирилиши ҳолати танқидий муҳокама қилинди. Рақамлар вазиятнинг жиддийлигини яққол намоён этади: 2025 йилда 1853 та оилавий ажрим қайд этилган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 157 тага ёки 9,2 фоизга кўпдир.
Эътиборлиси, ажримларнинг 958 таси — 51 фоизи — 5 йил ва ундан ортиқ бирга яшаган оилалар ҳиссасига тўғри келади. Оқибатда 1378 нафар вояга етмаган фарзанд ота ёки она меҳридан маҳрум бўлиб, тирик етимга айланган. Бу — қуруқ статистика эмас, балки минглаб тақдирлардир.

2025 йил якунига кўра, вилоятдаги 304 та маҳалла ажримлар даражаси бўйича тоифаларга ажратилди: 135 таси (44 фоиз) “қизил”, 159 таси (52,5 фоиз) “сариқ”, атиги 10 таси (3,5 фоиз) “яшил” тоифага киритилган. “Қизил” ҳудудларда профилактика ишлари талаб даражасида эмаслиги қайд этилди. Жорий йил январь ойида ажримлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан яна 13 тага ошгани эса муаммо тизимли ёндашувни талаб этаётганини кўрсатади.
Ажримлар кўпайиши билан алимент ижро ҳужжатлари сони ҳам ортиб бормоқда. 2024 йилда 16,3 мингта бўлган кўрсаткич 2025 йилда 18,6 мингтага етган — 2,3 мингтага ўсиш қайд этилган. Айрим туманларда давлат ижрочилари чақирувига келмаган ва қидирувга берилган шахслар сони ҳам юқори. Бу эса алимент тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари ҳануз долзарблигича қолаётганини англатади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, алимент ундириш тизимини такомиллаштириш борасида қатъий ҳуқуқий асос яратилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг оила институтини мустаҳкамлаш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган фармон ва қарорлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижроси доирасида алимент тўловларини ўз вақтида ундириш, қарздорларга нисбатан таъсирчан чоралар қўллаш тизими кучайтирилмоқда.

Хусусан, Мажбурий ижро бюроси томонидан жорий йил 25 февраль куни маҳалла бинолари ва масжидларда алимент қарзи юқори бўлган шахслар ҳақида фотомаълумотлар жойлаштирилди. Қонун доирасида амалга оширилган ушбу чора қисқа муддатда самара берди: 26–27 февраль кунлари 1,5 миллиард сўм, 28 февраль кунининг ўзида эса 2 миллиард 200 миллион сўм алимент ундирилди. Бу аввалги кунлардаги ўртача 250–300 миллион сўмлик кўрсаткичга нисбатан қарийб 7–8 баробар кўпдир.
Шунингдек, оилалар ярашуви ёки ўзаро келишув асосида ижро ҳужжатларини қайтариб олиш ҳолатлари 40 фоизга ошгани ҳам профилактика ишлари натижа бераётганини кўрсатади.
Алимент тўлаш — фақат ҳуқуқий мажбурият эмас. Бу — фарзанд олдидаги инсоний, виждоний бурч. Қонун жазолайди, аммо виждон тарбиялайди. Бугунги чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад кимнидир шарманда қилиш эмас, балки болаларнинг муносиб таъминоти, соғлом ўсиши ва эртанги кунига ишончини таъминлашдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбир