Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Термиз тумани судида алимент пулларини ўз вақтида тўламаган уч нафар отага Мажбурий ижро бюроси Термиз тумани бўлими давлат ижрочилари расмийлаштирган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома кўриб чиқилди.
Очиқ суд мажлисида Б. Ғаниев 2018 йил 22 февралдаги фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг буйруғига асосан алимент тўлашлиги белгилаб қўйилган бўлсада, бир фарзандининг моддий таъминоти учун 17 миллион 934 минг сўм алимент қарздорлигини тўлашдан бўйин товлаб келгани маълум бўлди. Шу туманда яшовчи А. Асадов ҳам судда содир этган ҳуқуқбузарлигига иқрорлик билдириб, 2 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун 17 миллион 261 минг сўм алимент қарздорлигини тўламаганини тан олди.
– Алимент қарздорлигини тўлашдан бош тортган оталарга қонун доирасида чора кўрилди, – дейди МИБ Термиз тумани бўлими давлат ижрочиси Нурали Маҳмудов. – Уларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Ушбу жазодан тегишли хулоса чиқармай икки ой ва ундан ортиқ муддат давомида фарзандлари олдидаги алимент қарздорлигини тўлашдан бўйин товласа, жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.
Очиқ суд мажлисида жавобгарликка тортилган оталарга алимент пулларини ўз вақтида тўлашнинг вояга етмаган бола камолотидаги аҳамияти ва қарздорлик юзага келганда қонунчиликда белгиланган чоралар ҳақида тушунтириш берилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири