Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алимент тўламаган ота ертўладан топилди
16:37 / 2024-03-11

МИБ Ангор тумани бўлими давлат ижрочиси Сайёра Тожиева икки йилдан буён қидирувда бўлган “алиментчи ота”ни уйининг ертўласидан топиб олди.

Гап шундаки, турмуш ўртоғи билан ажрашгач, Фурқат Мўминов 2019 йил январь ойидаги суд буйруғига асосан вояга етмаган уч фарзандининг моддий таъминотига масъул этиб белгиланган. Бироқ бу масъулиятни ҳис этмаган қарздор ота алимент тўлашдан бўйин товлаб келади. Вояга етмаган ўз жигаргўшаларига маблағ ажратишни истамайди. 

Қочоқ отага нисбатан қидирув эълон қилиниб, ундан алимент пулларини ундириш чоралари кўрилди. Яширинган қарздор Ф. Мўминов ҳақида олинган маълумотлар асосида Мажбурий ижро бюроси Ангор туман бўлими давлат ижрочиси Сайёра Тожиева унинг яшаш манзилига бориб, яқинларига ижро иши ҳақида тушунтириш берди. Афсуски, давлат ижрочисининг тушунтиришларидан тўғри хулоса чиқаришмагач, хонадондаги қорамолни хатловга олишга киришди. Шу пайт тўсатдан кутилмаган ҳолат юз берди. “Мол аччиғи – жон аччиғи эканми”, қорамолидан айрилишини истамаган хонадон эгалари “алиментчи ота” уйнинг ертўласини макон тутиб, яшириниб олганини маълум қилди. 

—Кимдир тирноққа зор, кимдир боладан безор,¬дейди МИБ Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори Қобилжон Турсунов. — Фарзандларига моддий кўмак беришни ўзига эп билмаган ота ер тўладан топилгач ҳам алимент тўлашни истамади. Қонунчилигимизга мувофиқ унинг бу қилмиши Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судида кўриб чиқилди. 51 миллион сўмдан ортиқ алимент қарздорлигини тўлашдан бош тортгани учун унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. 

Суд мажлисида бу жазодан тўғри хулоса чиқармаса, жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири