Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 2016 йил 14 июлдаги суд буйруғи билан А.Ибрагимовдан бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Бу ҳужжат Мажбурий ижро бюроси Сариосиё тумани бўлими иш юритувига келиб тушгач, алиментчи ота фарзандининг моддий таъминотини тўлашдан бўйин товлаб, қочиб кетган. Жорий йилнинг 15 февраль куни қидирув эълон қилиниб, олиб борилган тезкор қидирув натижасида Тошкент шаҳридан топилди.
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани бўлимига олиб келинган отага фарзандининг моддий таъминоти учун алимент пулларини тўлашдан бош тортгани сабабли тегишли маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун жиноят ишлари бўйича туман судига тақдим этилди.
Мазкур иш бўйича бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида фарзанди учун 32 миллион сўм алимент пулини тўламаганини тан олган А.Ибрагимовга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Амалдаги қонунга мувофиқ алиментчи отага қўлланилган маъмурий қамоқ жазоси қарздорликни тўлашдан озод этмайди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА