Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алимент қарздорликлари ундирилмоқда
16:31 / 2024-08-26

Алимент вояга етмаган боланинг моддий таъминоти учун бериладиган маблағ. У Оила кодексида белгиланган тартибда эр-хотиннинг ўзаро келишуви ёки суд ҳужжатлари асосида ундирилади.

Афсуски, айрим ота ёки оналар вояга етмаган фарзандлари учун белгиланган алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаб, жигаргўшалари камолотига бефарқ муносабатда бўлади. Ажрашиб кетдим-ку, фарзандимни энди онаси қандай хохласа, шундоқ улғайтирсин ёки отасида қолдими, моддий таъминотини ҳам отаси ўз гарданига олсин, деган фикрда юради. Аслида бу масала оила қонуний ажрашаётганида суд буйруғи билан белгилаб берилади. Масалан, Шўрчи туманида яшовчи Нозим Камолов(исм-шариф ўзгартирилди)дан 2017 йил март ойидаги суд буйруғига асосан икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. 

Мазкур ижро иши Мажбурий ижро бюроси Шўрчи туман бўлими иш юритувига қабул қилингач, тегишли ижро ҳаракатлари амалга оширилган. Бироқ қарздор ота 8 йил давомида алимент тўлашдан бўйин товлаб, қочиб юрган. Натижада вояга етмаган фарзандлари олдида қарийб 70 миллион сўмлик қарздорлик юзага келган. Қарздор ота топилгач, суд қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу жазодан тўғри хулоса чиқармай алимент тўловларидан қасддан бўйин товлагани сабабли МИБ вилоят бошқармаси жиноят иши қўзғатиб, айбланувчи Н. Собировга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Шундан сўнг 8 йил давомида йиғилиб қолган 70 миллион сўм алимент пули ундирилди. 

Яна бир ҳолатда Термиз туманида яшовчи қарздор ота Салим Жўллиев икки фарзанди учун 2022 йил октябрь ойидан ҳисобланган алимент пулини тўлашни пайсалга солиб келган. МИБнинг суриштирув ва маъмурий амалиёт шуъбаси ходимлари суриштирув ҳаракатлари олиб бориб, қарздор отага нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чорасини қўллади. Шунда алиментчи ота ва унинг қариндошлари вазият яхши эмаслигини англаб қолишди. Икки бегуноҳ фарзанднинг моддий таъминоти учун тўпланиб қолган 27 миллион 719 минг сўм алимент қарздорлиги тўлиқ ундириб олинди. 

Давлат ижрочилари вилоятда узоқ муддат тўланмай қолган алимент маблағларини таҳлил қилиб, уларни амалдаги қонунчилик доирасида тезкор ундириб бериш тадбирларини давом эттирмоқда. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири