Алимент пулини олдиндан тўлади
Фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ижро ҳужжатларига асосан, ундирувчи А.О.дан собиқ турмуш уртоғи Б.А.нинг фойдасига тарбиясидаги фарзандининг таъминоти учун, у вояга еткунига қадар алимент ундириш белгиланди.
Мазкур ижро ҳужжати бўйича Мажбурий ижро бюросининг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилди. Натижада қарздор бюронинг Нукус шаҳар бўлимига келиб, фарзанди 18 ёшгача тўлгунга қадар тўлаши лозим бўлган алимент пулларини олдиннан тўлаш истагини билдирган.
Давлат ижроси томонидан қарздорнинг келгуси 13 йилда тўлаши лозим бўлган алимент пули ҳисоблаб чиқилганда, у 2 миллиард 270 миллион 812 минг 905 сўмни ташкил этди. Шундан кейин ундирувчи Б.А. ҳисоблаб чиқилган алимент пулини собиқ турмуш уртоғидан олганлигини билдириб, тилхат берди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири