Жорий йил бошида мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси органлари иш юритувчида алимент тўловларини ундириш билан боғлиқ 34 минг 500 дан ортиқ ижро ҳужжати мавжуд эди.
Бу – ижро ҳужжатларининг 28,3 фоизини, яъни қарийб учдан бир қисмини ташкил этарди.
Маълумотларга кўра, ушбу тоифадаги ижро ҳужжатлари юзасидан амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари натижасида алимент тўловчи қарздорлардан 59,5 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирилди. Шунингдек, олиб борилган профилактик суҳбатлар туфайли 3782 ёш оила яраштирилиб, оилалар тикланишига эришилди.
– Қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги тамойилларига таянган ҳолда, алимент тўловларини тўлашдан мунтазам равишда бўйин товлаб келган жами 521 нафар қарздор маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47(4)-моддаси билан маъмурий жавобгарликка, 77 нафари эса жиноят кодексининг 122-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилди, – дейди МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси катта инспектори Фирдавс Шаропов.
– Бу соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадида 2021 йил март ойидан бошлаб вояга етмаганларнинг алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш устидан автоматлаштирилган назорат тизими йўлга қўйилди. Бу орқали алиментларни етказишдаги почта харажатлари тежалмоқда, яъни ундирувчи алимент пулини ҳеч қандай ушланмаларсиз тўлиқ олиш имкониятига эга бўлди. Энг муҳими, алиментларни ойма-ой, сўзсиз тўлаб борилишини онлайн назорат қилиш имкони яратилди.
Жорий йилда бюронинг вилоят бошқармаси туман ва шаҳар бўлимлари иш юритувидаги алимент ундируви билан боғлиқ 31 мингдан ортиқ ижро ҳужжати бўйича алимент олувчилар номига банк картаси очиш учун 29 минг 879 та электрон ариза тақдим қилиниб, 23 минг нафарга яқин алимент олувчилар номига ҳисоб рақамлар очилиб, банк карталари чиқарилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА