Мажбурий ижро бюросида жорий йил 21 февралидан 31 мартга қадар “Алимент ундирув ойлиги” эълон қилинди. Самарқанд вилоятида ҳам бу борадаги ишларни тизимли олиб бориш чоралари кўрилмоқда.
Ойлик доирасида бюро давлат ижрочилари алимент бўйича мавжуд ижро ишларини сарҳисоб қилиб, ундирув ишларини жадаллаштирмоқда.
– Иш юритувимизда қарздор А.С.дан ундирувчи М.С. фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун учдан бир қисм миқдорда алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, қарздор алиментдан бўлган қарзларини тўламай келаётган эди, – дейди бюронинг Жомбой туман бўлими бошлиғи Нурқўзи Ғаниев. – Қарздорга алимент тўлашдан бўйин товлаш жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги тушунтирилган ҳолда огоҳлантириш берилди.
Қарздор ва ундирувчининг ўзаро келишувига асосан, қарздор А.С. вояга етмаган икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун улар 18 ёшга тўлгунига қадар тўлаши лозим бўлган алимент маблағлари ўрнига Жомбой туманидаги Каттақишлоқ маҳалласи ҳудудида жойлашган уй-жойни собиқ турмуш ўртоғи – ундирувчи М.С. номига нотариус орқали расмийлаштириб берди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА