Маълумки, юртимиз илм-фани, бой маънавий меросимизни асраб-авайлашда Мирзо Улуғбекнинг шогирди – Али Қушчининг хизматлари беқиёс.
Али Қушчи илмий мерoсининг ўрганилиши ҳақида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ижтимoий-гуманитар фанлар йўналиши бўлим бoшлиғи Нoдира Мустафоева брифинг жараёнида батафсил маълумот берди.
Брифинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йилдаги «Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган “Бурса – Самарқанд – Истанбул шаҳарлари бўйлаб «Қозизода Румий – Мирзо Улуғбек – Али Қушчи» илмий экспедициясини ташкил этиш” топшириғи ижросига бағишланди.
Таъкидланганидек, Али Қушчининг тўлиқ номи Алоуддин Али ибн Муҳаммад ал-Қушчи бўлиб, у Самарқандда туғилиб ўсган. Али Қушчи XV асрда илмий фаолият кўрсатган машҳур математик ва астроном олимлардан бири эди. Мирзо Улуғбек Али Қушчини ўз расадхонасидаги қурилиш ишларига ва астрономик кузатишларга мутасадди қилиб тайинлаган эди. Али Қушчи умрининг кўп қисмини Самарқандда ўтказади. Мирзо Улуғбек ўлимидан сўнг Али Қушчи Самарқандни тарк этади. 1472 йил баҳоридан бошлаб Туркиядаги Аё София мадрасасига бош мударрис сифатида фаолият юритади. Али Қушчи Истанбулдаги Абу Аййуб Ансорий мақбарасида дафн этилган.
Унинг меросини ўрганиш мақсадида олимларимизнинг Туркияга сафарлари амалга оширилди. Хусусан, 2024 йилнинг 18-20 ноябрь кунлари илмий гуруҳ Туркияга илмий экспедиция ташкил этди.
2024 йил 19 ноябрь куни олимларимиз Туркияда Али Қушчи вафотининг 550 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро симпозиумда ҳам иштирок этди. Илмий делегациянинг Туркияга ташрифи натижасида Али Қушчининг ўғли Қози Абдураҳмон Афанди томонидан ёзилган “Равнақул бўстон” асари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди.
Ислом цивилизацияси марказининг “Иккинчи Ренессанс” номли экспозицияларида Ислом дунёсининг илмий ва маданий ютуқлари, шу жумладан фан, математика, астрономия, тиббиёт ва фалсафадаги юксак илмий-маданий мероси намойиш этилади. Али Қушчига оид асарлар, уларнинг қўлёзмалари, факсимил нусхалари ва нашрлари ҳамда астрономик жиҳозлар намойишга қўйилди.
2024 йил 13 декабрь куни ЮНЕСКО бош қароргоҳида буюк олим Али Қушчининг илмий меросига бағишланган тадбирда ФА вице-президенти Баҳром Абдуҳалимовнинг видеомурожаати намойиш этилди. Халқаро анжуман доирасида Туркия Қўлёзмалар бошқармаси ташаббуси билан Али Қушчи ҳамда унинг даврига оид қўлёзмалар кўргазмаси ташкил этилди.
2025 йилнинг 16-17 октябрь кунлари Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти олимлари Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган илмий-амалий тадбирда иштирок этди. Тадбир жараёнида туркиялик олимлар билан Али Қушчи ижоди бўйича кенг илмий муҳокамалар ўтказилди.
Жумладан, Али Қушчи ижоди билан шуғулланаётган туркиялик олимлар билан мулоқот ва фикр алмашувлар бўлди. Шу билан бирга, олимларимиз Сулаймония кутубхонасининг Аё София коллекциясида сақланаётган Улуғбек академияси йирик вакили Али Қушчи меросига тегишли бир қанча қўлёзма нусхалари билан танишди.
Шу билан бирга, Али Қушчининг Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти фондида сақланаётган 7 та асари қўлёзмаси ҳақида маълумот, шунингдек, жаҳон кутубхоналари ва музейларида олим қаламига мансуб 23 та асар қўлёзмаси бўйича маълумот тайёрланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Али Қушчининг бутун ҳаёти ва ижоди фан йўлида сарфланди. Али Қушчининг илмий асарлари Улуғбек «Зиж»идек шуҳрат қозонмаган бўлса ҳам, унинг ижоди фан тарихида ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Али Қушчи ўрта асрлардаги Мовароуннаҳрда ривож топган аниқ фанлар соҳасидаги буюк олимлар бири ҳисобланади. У ўз асарлари ва устози Улуғбек билан ҳамкорлиги туфайли ўз номини тарих саҳифаларига абадий киритди.
Н.Усмонова, ЎзА