Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Али Қушчи ёд этилди
20:04 / 2025-12-18

Астрономия ва математикани илм билан, илмни ҳикмат билан уйғунлаштирган, осмонни ақл билан ўрганиб, инсониятга илм-у ирфон ҳадя этган улуғ олим Али Қушчи вафотининг 551-йиллиги муносабати билан “Аюб Султон Ансорий (Eyüp Sultan Ensari) мақбарасида хотира тадбири ўтказилди. Дарвоқе, Али Қушчининг қабри шу мажмуа ортида жойлашган. Тадбир Истанбул Маданият ва туризм бошқармаси ҳамда Илм тарихи институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Алоуддин Али ибн Муҳаммад Ал-Қушчи турк-ислом оламининг 1403-1474 йилларда яшаб ўтган энг нуфузли олимларидан бири, Самарқанд мактаби билан Усмонли-Истанбул ва бутун турк дунёси илм анъаналарини ўзаро боғлаган улуғ алломадир. У Мирзо Улуғбек ҳомийлигида ташкил этилган Самарқанд расадхонасида астрономия ва математика бўйича самарали тадқиқот олиб борган.

Улуғбек вафотидан сўнг Али Қушчи Фотиҳ Султон Меҳмед таклифи билан Истанбулга келиб, Аё София (Ayasofya) мадрасасида мударрислик қилади. У умри давомида Усмонли давлатида аниқ фанларга асосланган таълим тизими яратилиши ва шаклланиши жараёнини бошқарган шахслардан бири сифатида эътироф этилади.

Али Қушчининг илмий мероси асосан астрономия, математика ва калом соҳаларига оид. Энг машҳур асарлари – “Рисолат фи илм ал-ҳайъа”, Улуғбек яратган астрономия жадвалларига бағишланган “Шарҳ Зижи жадиди Султоний” (Улуғбек зижига шарҳ) ва калом йўналишида Носириддин Тусийнинг “Тажрид ал-эътиқод” асарига ёзилган “Шарҳ ат-Тажрид”.

Бундан ташқари Али Қушчи ҳисоб ва геометрияга бағишланган “Рисола фи-л-ҳисоб”, шунингдек мантиқ ва тилшуносликка оид қатор рисолалар муаллифи ҳисобланади. У астрономияни фалсафий тахминлардан ажратиб, математика ва кузатувга асосланган фан сифатида ривожлантирган.

Бугунги кунда Али Қушчининг аксар асарлари Туркиядаги Сулаймония ва Нури Усмония кутубхоналарида қўлёзма ҳолида сақланмоқда. Сўнгги йилларда ҳазратнинг форс ва араб тилида ёзилган, деярли, барча асарлари турк тилига таржима қилинди. Бу нашрлар йил охиридан бошлаб 2026 йил давомида чоп этилиши кутиляпти.

Нoдирa Kaйимoвa, ЎзА