Ҳали бу синовли кунлардаги бирдамликни авлодларга ҳикоя қилиб берамиз
Ҳар бир киши ёнида ёндоши, елкадоши борлигини қалбдан ҳис қилди.
Муносабат
Элга не келса айламас панд,
Улки кўнглини қилди ғафлат банд.
Кимки панд олди элга тушгандин,
Они билким, эрур саодатманд.
А.Навоий
Ёши катталар мудом “Сув, ўт ва туҳмат балосидан асрасин”, деб дуо қилади. Бу бежиз эмас. Боиси табиий офат ҳеч кимни ва ҳеч нарсани аямайди. Йўлида неки бор ямламай ютади. Ҳеч ким бундай фалокатлардан суғурталанмаган. Шу кунларда халқимиз бошига тушаётган синовлар бизни янада жипслаштирмоқда. Сардобада рўй берган ҳодиса шу ҳамжиҳатликни яна бир бор кўрикдан ўтказди.
Президентимизнинг зудлик билан воқеа жойига етиб боргани, Ҳукумат комиссияси томонидан фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ва уларга ҳар томонлама ёрдам бериш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилаётгани уй-жойидан айрилган фуқаролар қалбида липиллаб турган умид учқуни ўрнини эртанги кунга бўлган ишонч эгаллашига замин яратди. Боиси оғир кунларда киши кимгадир суянгиси, дардини тўкиб-солгиси келади, бир оғиз ширин сўз – далдага муштоқ бўлади.
Аҳоли кўнглини чулғаб олган хавотир тумандек тарқади. Унинг ўрнини хотиржамлик ва эртанги кунга ишонч эгаллади. Ҳар бир киши ёнида ёндоши, елкадоши борлигини қалбдан ҳис қилди.
Фалокат оқибатларини тезликда бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, Президентимизнинг ҳар бир хонадонга етказилган зарарни шахсан ўзлари бориб ўрганаётгани, кўздан кечираётгани одамларга катта мадад бўляпти. Ҳар бири уларнинг оталардек меҳрини ҳис қиляпти, ғамхўрлигидан боши осмонга етмоқда.
Қувонарлиси, эл бошига иш тушганда ҳеч ким қўл қовуштириб турмаяпти. Одамларга катта умид берган яна бир нарса, бу – офатни енгишга бутун юртдошларимиз елкадош бўлаётганидир. Бу эса ўзаро бирдамлик, меҳр-оқибат қарор топган она диёримизда рўй берган фалокат оқибатлари тез орада бартараф этилишини англатади. Ҳадемай ўша шодон болалар кулгуси яна жаранглаши, тинч-хотиржам ҳаётимиз изига тушишига бўлган ишончимизни оширяпти.
Буюк бобобимиз Абу Ҳафс Насафий “ат-Тайсир фи ат-тафсир” китобида “Хайру эҳсонни фақирларга махфий бериш ошкора бергандан кўра яхшироқ. Хуфёна қилинган хайрия эса Аллоҳ билан банда ўртасида сир бўлиб, у билан Аллоҳ бандаларнинг айрим гуноҳларини мағфират этади – кечиради” деб таъкидлаб ўтган.
Тўғри, ҳозир кўпчилик сардобалик жонажон қишлоғидан ташқарида. Бироқ хавф бутунлай бартараф этилгач, улар киндик қони тўкилган гўшани янада обод қилиш, боғу роғларни яшнатиш каби эзгу ниятлар билан қайтади, албатта. Зеро, эзгу иш, савобли ҳаракат, хайрли ният билан яшаш халқимизнинг азалий одати саналади. Унда яхшилик ва янгиликка интилишдек халқ манфаати учун сафарбарлик бор.
Шу боис халқимиз минг йилларки, ушбу пурҳикмат ўгитга оғишмай амал қилиб келади, доимо бир-бирига эзгулик соғинади, ҳатто душманига ҳам яхшиликни раво кўради. Балки шундан бўлса керак, халқимизнинг дуосида, гап-сўзида яхши ният, ҳатто, койишида ҳам эзгу ният лиммо-лим бўлади. Ҳар бир амалдан яхшилик, эзгулик излайди. Гарчи, ўзига ёмонлик етса-да, ўша ёмонлик ортидан келган озгина эзгулик билан-да овунади. Яхши ният билан меҳнат қилади, келажакка интилади.
Шуни қатъий ишонч билан айтамизки, бу синовларни сабр, бирдамлик билан, албатта, енгиб ўтамиз. Ҳали бу кунлар, синовли кунларда халқимизнинг бир мушт бўлиб ҳаракат қилгани ҳақида келгуси авлодларга ҳикоя қилиб берамиз.
Тун ҳеч қачон узоқ давом этмайди. Ундан сўнг тиниқ, орзуларга пайваста янги тонг бошланади. Биз ана шу тонг учун катта мақсадлар қиляпмиз. Уларни амалга оширилиши турмушимизни фаровон қилиш баробарида, бутун башариятга ўзбек халқи ҳар қандай вазият ва синовда бирдам, ҳамжиҳат бўла олишини намоён этади.
Саодат БОЙМИРЗАЕВА,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги
Матбуот хизмати раҳбари.