Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳали бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетамиз
20:20 / 2020-05-12

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида юз берган фалокат ҳеч бир ўзбекистонликни бефарқ қолдирмади.


Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида юз берган фалокат ҳеч бир ўзбекистонликни бефарқ қолдирмади.

Тошқиндан зарар кўрган одамларнинг мушкул аҳволини кўриб қалблар ларзага келди. Сув босган маҳаллалардан эвакуация қилинган аҳоли вақтинча ётоқ жойи, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Уларга ички ишлар бўлими ходимлари, шифокорлар, ошпазлар, кўнгиллилар, қўйингки, барча-барча хизмат қилди.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг фалокат содир бўлиши билан Сирдарёга етиб боргани, тошқин оқибатларини бартараф этиш ишларига шахсан бош-қош бўлгани давлатимиз раҳбарининг ўз халқи тақдирига бефарқ эмаслиги, эътибор ва ғамхўрлигининг намунасидир.

Президентимиз уйлари қулаб тушган сардобаликлар билан учрашиб, “уйни ҳам қуриб берамиз, молни ҳам топиб берамиз. Жонларинг соғ бўлсин”, деганида кўзларимизга беихтиёр ёш келди. Халқимизда “шохига урсанг, туёғи зирқирайди” деган нақл бор. Бу офат нафақат сирдарёликларнинг, балки, барчамизнинг бошимизга келган офатдир. Буни ҳис қилган ҳар бир юртдошимиз ёрдамга шошилмоқда. Саховатпеша инсонлар, бутун халқимиз бир бўлиб сув тошқинидан азият чеккан юртдошларимизга ўзларининг кўмакларини юбормоқда.

Андижонликлар азалдан мард, танти халқ. Борини ҳамиша дўстлари билан баҳам кўрган. Буни шунча йил шу халқ, бағрикенг одамлар орасида ишлаганим, қолаверса, Андижон фарзанди сифатида айтяпман. Андижон аҳли ўз юртдоши, дўсту биродари тугул, бегонанинг қайғусига ҳам бефарқ қараб турган эмас. Шу боис, андижонликлар синовли кунларда табиий офатдан азият чеккан сирдарёлик юртдошларимизга мадад бўлиш, кулфатда асло ёлғиз эмасликларини ҳис этишлари учун биринчилардан бўлиб ёрдам юборди. Бугунги кунга қадар вилоят ҳокими раҳбарлигида кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари, иссиқ кийим-бош, рўзғор буюмлари ҳамда қурилиш материалларидан иборат хайрия карвони Сирдарёга бир неча бор юборилди.

Усиз ҳам синовли кунларни бошдан кечираётган халқимиз бугун сув балосидай офатга рўбарў келди. Бироқ, бунда ҳам бир ҳикмат, бу синовнинг ҳам ажри бор. Биз сабр-қаноатли, эътиқодли халқмиз. Бошимизга тушган ғам-кулфатларда ўзимизни йўқотмасдан, босиқлик билан янада жипслашиб, ҳамжиҳатлик билан иш кўрсак, бу синовларни биргаликда енгамиз, албатта.

Сардобаликлар давлатимиз ва саховатпеша халқимиз кўмагида ўз ҳаётларини изга туширмоқда. Уйларига қайтиб, тошқиндан талофат кўрган уйларини тиклаш, йўлларни очиш, инфратузилмани изга тушириш учун меҳнат қилмоқда. Бугун уларга бутун Ўзбекистон мададкор.

Ҳали бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетамиз. Аммо, унгача сабрли, оқибатли, мурувватли бўлайлик, фазилатли рамазон ойида инсонларга имкон қадар яхшилик қилишга интилайлик.

Манзурахон ЭГАМОВА,
меҳнат фахрийси,Ўзбекистонда 
хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими