Пойтахтимиздаги Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида буюк меъмор Алексей Шусев таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан “Алексей Шусев. 150. Усто меъмор” кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Россиянинг А.Шусев номидаги давлат илмий-тадқиқот архитектура музейи, Россия Федерацияси Маданият вазирлиги кўмагидаги “Таволга” фан ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси, “Элисаветинск-Сергей маърифат жамияти”, Меҳрибонлик ва хайрия анъаналарини тиклашга кўмаклашув жамғармаси ҳамда Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазма ХIХ асрнинг охири ХХ асрнинг биринчи ярмида ўзининг ёрқин меъморчилик услуби ва йўналиши билан дунёга танилган буюк меъмор ва рассом Алексей Шусев ижодига бағишланди.
Кўргазмада меъморнинг ярим асрлик ижодий фаолияти давомида яратилган 50 га яқин меъморчилик лойиҳалари намойиш этилмоқда. Галереянинг иккита залидан жой олган кўргазманинг биринчи бўлимида рассомнинг бутун ижодий йўли акс этган. Иккинчи бўлимдан собиқ иттифоқ республикалари, жумладан, мамлакатимиздаги ишларига оид асарлар жой олган.
[gallery-14734]
– Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри биноси – меъморнинг энг йирик ишларидан бири, – дейди Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори, санъатшунос фанлари доктори, профессор Камола Акилова. – Бу асар кўргазмада иккинчи бўлимнинг “Бош қаҳрамони” сифатида жой олди. Мазкур бино аввал бошданоқ Тошкент брендларидан бирига айланган. Шарқ ва Ғарб анъаналарини ўзида мужассам этган маҳобатли иншоот бетакрорлиги билан ҳануз дунё аҳлини ҳайратда қолдириб келмоқда. Ундаги Тошкент, Бухоро, Хоразм, Самарқанд, Фарғона ва Термиз заллари ўз услуби ва хусусиятига эга. Бу шунчаки театр эмас, балки ўзида бир неча санъат турларини мужассам этган музей-театридир.
Кўргазмада А.Шусев номидаги Россия давлат меъморчилик музейи фонди, шахсий коллекциялар, 16 та давлат музейи ва архив тўпламлари, хусусий коллекциялар ва меъмор меросхўрлари архивидан ташкил топган 350 га яқин экспонат томошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда. Экспонатлар ичида – Алексей Шусевнинг лойиҳавий архитектура графикаси, чизмалари ва расмлари, ҳужжатлар, архив фотосуратлари, кинохроника – асосий ва унчалик машҳур бўлмаган лойиҳаларига материаллар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг бир қисми оммага илк бор намойиш қилинмоқда.
Кўргазма 2024 йилнинг 22 январига қадар давом этади.
Нилуфар Бозорова,
Ойбек Пардаев (сурати) ЎзА