24-26 апрель кунлари Тошкентда «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» Халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда МДҲ мамлакатлари корхоналари ва халқаро саноат компаниялари иштирок этди. Кўргазмада «Газпромбанк» ҳам ўз имкониятларини намойиш этди.
ЎзА мухбирининг «Газпромбанк»нинг биринчи вице-президенти Александр Ушков билан бўлган суҳбати ушбу кўргазма якунлари ва икки мамлакат ҳамкорлигига бағишланди.
– Александр Анатольевич, суҳбатга розилик билдирганингиз учун ташаккур. «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» Халқаро саноат кўргазмасида «Газпромбанк» ва «Сервис-Телеком» компаниялар гуруҳи ўртасида Ўзбекистон Республикасида минорали инфратузилма соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шу ҳақида батафсил маълумот берсангиз.
– Банк «Сервис-Телеком» билан 2015 йилдан, яъни компания ташкил этилганидан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда. «Сервис-Телеком» кўз ўнгимизда кичик компаниядан йирик инфратузилма операторларидан бирига айланди. Унинг бошқарувида Россиянинг деярли барча ҳудудларидаги 19 мингдан ортиқ объект бор. Компания ҳамкорлик даврида йирик лойиҳаларни амалга ошира оладиган ишончли шерик эканини кўрсатди.
Компания ҳозирги ривожланиш босқичида халқаро экспансияга яқинлашди ва бошланишига Ўзбекистоннинг истиқболли бозорини танлади. Сўз мамлакатда ўзига хос мустақил инфратузилмавий операторни яратиш ҳақида бормоқда. Дунё бўйича операторлар минораларга эгалик қилишдан воз кечиб, уларни ихтисослашган комманиялардан ижарага олади.
Биз Ўзбекистонда ҳам бозор шу тартибда ривожланишига ишонамиз. Меморандумнинг имзоланиши банкнинг Ўзбекистон бозорига кириш бўйича «Сервис-Телеком» стратегиясига содиқлигини ва компанияни лойиҳанинг биринчи кунлариданоқ қўллаб- қувватлашини кўрсатади. Биз албатта, банк инфратузилма объектлари қурилишини молиялаштириши ҳақида гапираяпмиз.
– Бу «Газпромбанк» ва Ўзбекистон ўртасида бу йўналишдаги биринчи ҳамкорликми?
– «Сервис-Телеком»нинг Ўзбекистон бозорига кириши минора инфратузилмаси оператор компаниясининг тажрибаси ва банкнинг молиялаштириш соҳасидаги тажрибаси асосида мавжуд амалиётни кенгайтиришдир.
Хусусан, 2021 йилда «Газпромбанк» томонидан «Сервис-Телеком» компаниясининг VEON телекоммуникация холдингидан «Национальная башенная компания» АЖ нинг тўлиқ улушини сотиб олиш бўйича йирик (47 миллиард рубль миқдоридаги) битим имзоланган эди.
Бошқа соҳаларга келадиган бўлсак, республика учун қатор муҳим лойиҳаларни амалга оширдик. Умуман олганда, Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланмоқда ва биз янги ташаббуслар нуқтаи назаридан, маҳаллий бозорни истиқболли деб ҳисоблаймиз.
– Халқаро саноат ярмаркаси «Газпромбанк» фаолиятида қандай имкониятларни очади?
– «Газпромбанк» бу кўргазманинг ҳамкорларидан биридир. Биз ушбу тадбирни саноатчилар ва тадбиркорларни бир жойга тўплайдиган саноат кўргазмаси фаолияти соҳасидаги Россия “бренди” деб ҳисоблаймиз. Намойишнинг Марказий Осиёга чиқиши ниҳоятда муҳим воқелик бўлди. Бу Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Белоруссия, Қирғизистон ва бошқа мамлакатлар ўртасида саноат кооперацияси учун ажойиб майдончадир. Кўргазма доирасида олинган ғоя ва ташаббуслар, бизнес-алоқалар ва келишувлар Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларида бизнесни ривожлантиришга хизмат қилишига ишонаман.
– Кўргазма якунлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингиз?
– Уч кунлик кўргазма давомида «Газпромбанк» гуруҳи турли вилоятлар ҳокимлари ва бизнес вакиллари билан бир нечта самарали учрашув ва музокаралар ўтказди. Шунингдек, турли мавзулар бўйича давра суҳбатлари ва муҳокамаларда ҳам иштирок этдик.
Масалан, “Ёқилғи энергетика мажмуасида халқаро технологик ҳамкорлик” мавзусидаги учрашувда ижрочи вице-президент – банк шартнома бўлими департаменти бошлиғи Олег Мельников ва Урал машинасозлик кимё заводининг бош директори Тамара Кобаладзе иштирок этди.
Мен давра суҳбатида банк томонидан Қозон шаҳридаги «Химград» технополисининг молиялаштирилиши ва Ўзбекистонда бу амалиётларни муваффақиятли қўллаш ҳақида сўзлаб бердим. Умуман олганда, Тошкентдаги намойиш жуда қизғин ўтди.
ЎзА мубири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.