Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Александр Квасневский: “Янгиланган стратегия Ўзбекистон тараққиётининг янги драйверига айланади”
17:25 / 2026-01-29

Халқаро маслаҳатчилар кенгаши аъзоси, Полшанинг собиқ президенти Александр Квасневский дунёдаги глобал тенденциялар, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини янгилаш ташаббуси ва мамлакатнинг келгуси тараққиёт устуворликлари ҳақида фикр билдирди.

Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда дунёда янги ва мураккаб чақириқлар юзага келмоқда, сиёсий жараёнлар эса олдиндан башорат қилиш қийин бўлган босқичга кирган. Бундай шароитда аниқ ва узоқни кўзлаган стратегияга эга бўлиш жуда муҳим аҳамият касб этади.

Александр Квасневский Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш ташаббусини ўз вақтида қабул қилинган ва стратегик аҳамиятга эга қарор сифатида баҳолаб, уни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

Унинг фикрича, Ўзбекистон янгиланган стратегияни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдеворга эга. Жумладан, 2023 йилги референдум орқали қабул қилинган янги Конституция давлат тараққиёти учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Иқтисодиёт барқарор суръатларда ривожланиб бормоқда, 2025 йил кўрсаткичлари эса ижобий динамикани тасдиқламоқда.

Шунингдек, мамлакатда фаол ва ташаббускор ёш жамият шакллангани, шу билан бирга, фуқаролар ва халқаро ҳамжамият томонидан ҳурмат қилинадиган прагматик ва самарали раҳбарият мавжудлиги қайд этилди.

Янгиланган стратегияда иқтисодиёт тузилмасини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, юқори технологияли ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш соҳаларига инвестицияларни кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгиланиши зарурлиги таъкидланди. Унинг сўзларига кўра, айнан ушбу йўналишлар келгуси йилларда асосий иқтисодий тараққиёт драйверига айланади.

Инвесторлар учун янада қулай ва барқарор муҳит яратиш стратегиянинг муҳим таркибий қисми бўлиши лозимлиги қайд этилди. Бундай муҳит қонун устуворлиги, шаффофлик, ўзаро ишонч ва ишончлилик тамойилларига асосланиши, бу эса узоқ муддатли ҳамкорликни таъминлаши таъкидланди.

Александр Квасневский янгиланган стратегия мувозанатли ва тинчликпарвар ташқи сиёсатнинг таянчига айланишини ҳам қайд этди. Бугунги кунда Ўзбекистон Европа Иттифоқи, Россия, Хитой, АҚШ ва бошқа мамлакатлар билан мустаҳкам ва самарали ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйгани таъкидланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон минтақада етакчи давлат сифатида ўз нуфузига эга экани, ушбу мавқени сақлаб қолиш ва янада мустаҳкамлаш стратегик аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

Унинг фикрича, мамлакатдаги динамик жамият ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг доно, прагматик ва узоқни кўзлаган раҳбарлиги остида белгиланган мақсадларга эришилади ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакат тараққиёти учун муҳим ва барқарор натижаларни таъминлайди.

ЎзА