Олимлар альцгеймер касаллигида хотира сусайишини секинлаштиришга ёрдам бериши мумкин бўлган янги механизмни аниқлади. Гап шундаки, Нью-Йоркдаги “Cold Spring Harbor” лабораторияси тадқиқотчиларига кўра, “PTP1B” деб аталадиган фермент ушбу касаллик жараёнида муҳим роль ўйнайди.
Маълум бўлишича, “PTP1B” ферменти фаол бўлганда мия хотира ва тафаккурга зарар етказувчи жараёнларни тезлаштиради. Олимлар мазкур фаоллик камайтирилганда, миянинг ҳимоя ҳужайралари — микроглиалар янада самарали ишлай бошлаганини аниқлади. Айнан шу ҳужайралар альцгеймерга хос бўлган қисмни тозалашга масъул.
Касаллик кучайгани сари микроглиалар “чарчаб”, ўз вазифасини бажара олмай қолади. Тадқиқот муаллифларидан бири Юхин Сеннинг айтишича, “PTP1B”ни чеклаш бу ҳужайраларнинг фаолиятини тиклаб, мия тўқимасини зарарли оқсил йиғилмаларидан тозалашга ёрдам беради.

“PTP1B” аввалроқ семизлик ва 2-тур қандли диабет каби касалликлар билан боғланган эди. Бу ҳолатлар ҳам альцгеймер хавфини оширувчи омиллар сифатида танилган. Энди эса ушбу ферментга таъсир қилувчи дори воситалари мия касалликлари учун ҳам истиқболли йўналиш сифатида кўрилмоқда.
Олимлар келажакда альцгеймер давосида мавжуд дори-дармонларни “PTP1B” муолажаси билан биргаликда қўллаш мумкинлигини айтмоқда. Мақсад касаллик ривожланишини секинлаштириб, беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунёда 55 миллиондан ортиқ одам ушбу турдаги касалликлар билан яшайди ва уларнинг қарийб 70 фоизида альцгеймер аниқланган. Тадқиқот муаллифи Николас Тонкс бу касалликни “хотирани аста-секин йўқотиш” деб атади. Янги топилмалар эса айнан шу йўқотишни секинлаштиришга умид уйғотмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА