Қалбларга қувонч улашиб...
Шу кунларда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож ва имконияти чекланган шахслар учун жойларда хайрия тадбирлари ўтказмоқда.
Шу кунларда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож ва имконияти чекланган шахслар учун жойларда хайрия тадбирлари ўтказмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Тошкент Фотосуратлар уйида бўлиб ўтди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ногиронлар жамияти вакиллари, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Хайрия тадбирида Тошкент шаҳри ва вилоятида истиқомат қилувчи имконияти чекланган фуқароларга АҚШнинг “AmeriCares” халқаро ташкилоти томонидан тақдим этилган махсус ногиронлик аравачалари ва юриш мосламалари топширилди.
Маълумки, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди мурувват йўналишида хайрия тадбирларини амалга ошириб, тиббий-ижтимоий муассасалар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйлари, махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари, санитария-гигиена воситалари, кийим-кечак, озиқ-овқат, ногиронлик аравачалари, спорт инвентарларидан иборат мурувват ёрдамларини кўрсатиб келади.
– Ўғлим Беҳрузжон туғма ногирон, юролмайди, – деди Тошкент вилояти Чиноз туманидан ташриф буюрган Робия Парпиева. – Бугун унга аравача совға қилишди. Ўғлимнинг қувончини кўриб кўзимга ёш келди. Мамлакатимизда барча фуқаролар қатори ўғлимга ўхшаган имконияти чекланганларга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганидан мамнунман.