Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Альберто Климент: Амир Темур кирган майдонда шаррос ёмғир тўхтади
17:36 / 2023-07-07

Шу кунларда Испаниянинг Валенсия шаҳрида жойлашган Ипак музейида “Ипак йўлидан маврлар ҳамда насронийлар фестивалигача” номли кўргазма бўлиб ўтмоқда. Октябрь ойига қадар давом этадиган мазкур анжуманнинг очилиш маросимида Мудехар гуруҳининг Онтиньент вакиллари Валенсияда истиқомат қилган мусулмонлар образида ипак матодан тикилган либослар намойишини ўтказишди. Тантанада Мудехар қўмондони образини гавдалантирган испаниялик Альберто Климент ЎзА учун махсус интервью берди:

– Жаноб Климент, дастлаб ўзингиз ва мазкур лойиҳага кириб келишингиз ҳақида гапириб берсангиз.

– Мен Онтиньент шаҳрининг Мудехар ижодий гуруҳи аъзосиман. Бу жамоани отам тузган, болалигимдан шу муҳитда ўсганман, десам муболаға бўлмайди. Севимли гуруҳимга “қўмондонлик” қилиш кўп йиллик орзум эди, 2018 йилга келиб, мазкур “лавозим”га номзодимни кўрсатдим. Яъни, ижодий жамоада бундай мавқега эришиш йирик фестивалларда маврлар етакчиси ролини ўйнаш имконини беради. Ўша йилдан бошлаб дўстим Пенья Отилио билан бирга Пиреней ярим оролида ҳукм сурган тарихий Ислом маданиятига оид янги лойиҳани бошлаш ҳаракатига тушдик. Бунинг учун кўп изланиш, масаланинг моҳиятига чуқур кириб бориш талаб этиларди. Шу сабабли дизайнер Рафаэль Ферреро Терол, укам Хоселе ва мен 2018 йил илк бор Ўзбекистонга саёҳат қилдик. Илк сафардаёқ мамлакатингизнинг гўзаллиги, ноёб урф-одати бизни мафтун этди. Она шаҳрим Онтиньент тўқимачилик саноатига ихтисослашгани учун “Abr-Band” Ikat” техникасини намойиш этиш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келдик. Шу ўринда Испания ва Самарқанд ўртасида XV асрдаёқ йўлга қўйилган ҳамкорликни эътироф этмай иложи йўқ. Айни муносабат тафсилоти испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг Амир Темур саройига ташрифига оид ёдномаларида келтирилган. Самарқанд шаҳрида жойлашган Гўри Амир мақбарасига қадам қўяр эканмиз, Соҳибқирон қандай буюк инсон бўлганини ҳис этдик ва айнан унинг тимсолини гавдалантираман, деган қарорга келдим. Шундан сўнг Амир Темурнинг шахсияти, фаолияти бўйича изландик, Соҳибқирон кийган либосларнинг тайёрланиш усулини ўзлаштириш мақсадида Тошкентдаги Темурийлар тарихи давлат музейига уч марта бордик.

– Мавр қўмондони қандай образ? Унинг салобати нимада? Нима учун бу образни гавдалантириш айнан сизга топширилди?

– Мавр қўмондони Онтиньентда бўлиб ўтадиган “Маврлар ва насронийлар” байрамида Насронийлар қўмондони билан ёнма-ён гавдалантириладиган энг муҳим образ. Ҳар йили 12 нафар насроний ҳамда 12 нафар маврдан иборат ижодий гуруҳ ўз йўлбошчисини танлайди. Масалан, менинг ижодий гуруҳим, 12 йилгача ўзига бошқа “қўмондон” танлай олмайди. Ҳар бир йўлбошчи муайян тарихий шахсни гавдалантириш ҳуқуқига эга. Мен Амир Темурни танладим.

– Амир Темур шахсиятини гавдалантирар экансиз, унинг жанговар руҳи ва феълини ҳис этдингизми?

– Жуда ажойиб савол! Биласизми, мен Амир Темур мақбарасида тўрт марта бўлдим ва ҳар сафар унинг буюклиги, жанговар руҳини юракдан ҳис этдим. Ижро давомида мудом Соҳибқирондан хаёлан мадад сўрардим. Яна бир ҳайратланарли ҳолат: фестиваль давомида “маврлар” майдонга кириб келганда ёға бошлаган кучли ёғингарчилик Амир Темур образида айнан мен майдонга қадам босишим билан, бирдан, тиниб қолди. Қўшни шаҳардагилар айтишича, шу куни қаттиқ чақмоқ чақиб, дарахтларни яшин урибди, бироқ Онтиньент тинч эди... Фестиваль аввалида қуйган шаррос ёмғир ҳам мен кириб келишим билан таққа тўхтаганди...

– Сизнингча, Амир Темур ва Альбетро Климент феъл-атворида қандайдир ўхшашликлар борми?

– Ҳаётда ўта курашувчан инсонман. Бир неча бор тиззам ва елкамда жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганман. аммо ҳеч қачон тўхтаб қолмадим, доимо курашдим. Шу жиҳатим Буюк Темурга ўхшар, балки.

– Амир Темур образи испан халқига қай даражада таниш, деб ўйласиз? Испан элчиси Клавихо ёзиб қолдирган манбалардан бугунги ёш авлод хабардорми?

– Европада Темурни “Тамерлан” деб аташади, тарих китобларида унинг кучли подшоҳ бўлгани, кўплаб қабилаларни бирлаштиргани, энг асосийси, темурийлар салтанатига асос солгани эътироф этилади. Руи Гонсалес де Клавихонинг Амир Темур қароргоҳига элчи бўлиб боргани мактаб дарсликларидан ўрин олмаган. Бинобарин, тарихий ҳужжатларда мазкур элчининг саъй-ҳаракатлари, Амир Темур туфайли Усмонийлар империяси Европани босиб олмагани акс этган. Кастилья қироли Энрике III Клавихо орқали Амир Темурга хат йўллаб, Усмонийлар қўшинини тўхтатиб қолишни илтимос қилади. Клавихонинг “Амир Темурга элчилик” асаридан Темурийлар империяси ҳақида жуда кўп маълумот олиш мумкин. Ўзбекистонга иккинчи ташрифимизда шу китобни ўзимиз билан олдик ва Шаҳрисабздаги Амир Темур музейига совға қилдик.

– Ижтимоий тармоқдаги саҳифангизда Ўзбекистон ҳақида жуда кўп илиқ фикр билдирасиз. Бизнинг юртимизда нималарни ҳис этасиз? Сизнингча, мамлакатларимиз ўртасида маданий ўхшашлик борми?

– Жами олти марта Ўзбекистонга борганман. Ҳар гал бу серқуёш ўлка, ўзбек халқи, миллатнинг анъаналари, осори атиқалари, иншоотлари ва ипак матолари мени янада кўпроқ мафтун этаверади. Турли маданиятга оид давлатлар бўлса-да, Испания ҳам, Ўзбекистон ҳам асрлар мобайнида дунёни, сайёҳларни ўзига чорлаб келмоқда. Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларингиз Буюк Ипак Йўлининг муҳим нуқталари ҳисобланган, бу йўллардан олиб ўтилган ипак, тўқимачилик маҳсулотлари “Taifa de Denia” (ўрта асрларда Испания шарқида жойлашган ислом давлати) орқали Испанияга кириб келган. Мальоркада “мушук тили” деб аталадиган матога расм тушириш усули бор, Икатга жуда ўхшаб кетади.

– Ўзбекистон ва Испания алоқаларини янада ривожлантириш учун нималарга эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблайсиз?

– Ижодий гуруҳимиз амалга оширган маданий лойиҳа орқали кўплаб испанияликлар Ўзбекистонни яқиндан таниди. Бундай тадбирларни кўпайтириш ўзаро маданий риштани янада мустаҳкамлайди, наздимда. Охирги намойишимиздан сўнг олтмиш кишилик делегация мамлакатингизни кўриш истагини билдирди. Ҳозир Валенсияда Санъат институтининг Ипак музейи бизнинг ижодий жамоа яратган либослар кўргазмасини тақдим этяпти. Анжуман якунлангач, эҳтимол, намойишни Тошкентдаги Амир Темур музейида ҳам давом эттирармиз. Шу орқали мавжуд алоқани янада мустаҳкамлашга эришган бўлар эдик.

– Самимий ва сермазмун суҳбат учун ташаккур, жаноб Климент!

Маҳфуза Ортиқова суҳбатлашди.

ЎзА