Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алангали шеърият соҳибаси
15:12 / 2025-06-19

Таниқли шоира Озода Бекмуродова самимий, қалби завққа тўла, ҳамиша эзгуликка интилувчи ва нурли истиқболга ишонувчи ижодкор.

Ўзбекистон  Ёзувчилар уюшмасида Уюшма аъзоси, таниқли шоира Озода Бекмуродованинг «Мовий  фурсатлар» номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.  

Адабий анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид замонавий ўзбек шеъриятида ўз услуби, ижод йўли, айтар сўзи билан самарали фаолият кўрсатаётган шоира Озода Бекмуродованинг ҳам муносиб ўрни бор эканини таъкидлади.  

Кўнгил манзаралари, туйғуларнинг бетакрор ифори, жонажон Ўзбекистонимиз, меҳнатсевар халқимиз, мунис ва мушфиқ онахонларимиз тараннуми Озода Бекмуродова ижодида устувор ўрин эгаллайди.  

–  Озода мустақилликдан кейинги йилларда адабиётга кириб келган, – деди шоира Гўзал Бегим. – Унинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Адабиёт” нашриётида чоп этилган “Мовий фурсатлар” китоби  шоира улкан бир сўз қасрини, шеър обидасини яратганидан далолат беради. Озоданинг  шеърларида аланга бор, сурункали ҳаракат бор. Бу қалб ҳаракати, туйғулар ҳаракатидир. Ана шу ҳаракат шеърнинг ичимизда яшаб, улғайишини таъминлаб беради. Шоиранинг шеърлари аввал тилимизга, кейин  дилимизга кўчади, ботинимизда қанот ёзади. Бу қанотлар жуда муҳташамдир ва у ҳисларимизни сурункали  ҳаракатга келтириб туради!   

Айтиш керакки, Озода Бекмуродова 1974 йил 12 июнда Қашқадарё вилоятида туғилган.  

У 2006 йилда Мирзо Улуғбек номидаги  Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида мусаҳҳиҳ, мухбир, Ўзтелерадиокомпания «Тошкент» бош муҳарририяти муҳаррири, «Ёшлар» телеканали муҳаррири, катта муҳаррири, «Инсон ва қонун» газетаси таҳририяти муҳаррири, Ўзтелерадиокомпания Бош дирекцияси муҳаррири бўлиб ишлаган.  

2006 йилдан «Ўзбекистон» телеканали маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлар бош муҳарририяти катта муҳаррири, кейинчалик Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги – ЎзАда фаолият кўрсатган. Ҳозирги кунда Озода Бекмуродова Яшнобод тумани ҳокимлигида масъул вазифада меҳнат қилмоқда. Унинг бир қатор шеърий тўпламлари, оташин шеърлари  адабиёт мухлисларига яхни таниш.  

Анжуманда Озода Бекмуродова ижоди, унинг янги китоби ҳақида фикрлар билдирилди.  

Н.Усмонова,

ЎзА мухбири