Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғалаба боғи – жасорат, мардлик ва матонат тимсоли
18:08 / 2020-05-13

Зеро, бу ёдгорлик мажмуаларида ўзбек халқининг жасорати, матонати, Ватани ва оиласига садоқати тасвирланган.


Мана бир неча кундирки, пойтахтимизда барпо этилган Ғалаба боғи, бу ердаги “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси, унинг аҳамияти юртдошларимиз тилидан тушмаяпти.

Зеро, бу ёдгорлик мажмуаларида ўзбек халқининг жасорати, матонати, Ватани ва оиласига садоқати тасвирланган. Бу ёдгорликлар мазмун-моҳиятини янада кенгроқ очиб бериш мақсадида уларнинг муаллифлари билан суҳбатлашдик.

“Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуасини яратиш учун ўтказилган ижодий танловда ҳайкалтарош Баҳром Норбоев лойиҳаси маъқулланган эди.

– Аслида бу мавзудаги ижодий ишни тайёрлашга киришиш юқори масъулиятни, жуда жиддий ёндашувни талаб этади, – деди ҳайкалтарош. – Ушбу ёдгорлик мажмуасини яратиш жараёнида журналист Алиназар Эгамназаровнинг "Йигирма миллиондан бири" номли китоби, турли архив материалларини пухта ўрганиб чиқишга алоҳида эътибор қаратдик. Зулфия Зокирова ҳамда унинг келинлари ўзбек аёлининг сабру саботи, садоқати, иродаси, матонати ва жасоратининг ёрқин тимсолидир. Маълум бўлишича, онахон ҳатто умрининг охирги нафасида ҳам эшикка ишора қилиб, "Биронтасиям қайтмади-я...", деган армон билан дунёдан кўз юмган экан. Урушдан қайтмаган ўғилларининг ўрнини эса Зулфия аянинг неваралари босди. Ўша пайтда нораста қолган болалар сиймосини ҳам гавдалантиришга ҳаракат қилдик.

...Зулфия ая, келину неваралари атрофини қалқондек ўраб турган беш устун. Улар урушга бориб, ўз онаси, оиласини балодан ҳимоя қилаётган беш ўғилга ишорадек гўё.

– Уруш четлаб ўтган хонадоннинг ўзи топилмайди юртимизда, – деди ушбу ижодий иш муаллифи, ҳайкалтарош Жасванд Анназаров. – Бу устун-стеллаларни яратишда уларни ўзбек хонадонларидаги токчаларга қиёслашга ҳаракат қилдик. Устунлар ён тарафдан фронтдан келган учбурчак тахламли хатларни ҳам ифодалайди. Ҳар бир устун тепасида тишланган нон урушдан қайтмаган ўғилларга ишора. Шу ернинг ўзида хатлардан парчалар ҳам келтирилган. Уларда жангчи ўғилларнинг Ватани, онаси, яқинлари, оиласини соғингани, барвақт кўз юмган отасини эслагани, фарзандларига айтган гаплари битилган.

Боғдаги генерал Собир Раҳимов ҳайкали атрофидаги 14 аскарнинг барчаси тарихий шахс – урушнинг қаҳрамон шифокори Муқаддам Ашрапова, мерган Зебо Ғаниева, пулемётчи Шоди Шоимов каби қаҳрамонларимиздир.

Боғ ҳудудидаги Шон-шараф музейидаги панно ҳам ғоят таъсирли, ғалабага Ўзбекистоннинг қўшган ҳиссасини тўлақонли очиб бергани билан аҳамиятлидир.

– Иккинчи жаҳон уруши йилларида эришилган Ғалабага Ўзбекистон муносиб улуш қўшган, – дейди тасвирий панно муаллифи Алишер Алиқулов. – Бу жиҳатлар фронтга юртимиздан озиқ-овқат, пахта, ғалла, кийим-кечак ва бошқа зарурий маҳсулот, ашёларнинг юборилиши, юртимизга эса болалар, урушдан жабр кўрган одамлар билан бирга қанча стратегик корхоналарнинг, заводларнинг эвакуация қилинишида ҳам намоён бўлади. Асосий чизгиларнинг муаллифи бўлсам-да, кўлами ғоят катта бўлган ушбу ижодий ишни яратишда "Арт-трио" студияси ва бошқа рассомлар ҳам муносиб ҳисса қўшди. Ўша даврга оид материаллар, архив ҳужжатлари, фотосуратлар, ашёвий буюмлар пухта ўрганилгани ижодий иш муваффақиятининг асосий омили бўлди, десак янглишмаймиз.

Ҳа, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган Ғалаба боғи бизга мардликдан, жасорат ва матонатдан сабоқ берувчи мўътабар маскан бўлиб қолиши, шубҳасиз.