Ал-Қувайт ва Самарқанд ўртасида авиапарвозлар йўлга қўйилади
Қувайтнинг “Jazeera Airways” авиакомпанияси 2023 йилнинг 1 мартидан Ал-Қувайт ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри мунтазам қатновларни йўлга қўяди.
“Airbus A320” самолётларида амалга оширилиши режалаштирилган парвозлар ҳафтада икки марта – чоршанба ва якшанба кунларига мўлжалланган.
Маълумотларга кўра, Қувайтнинг мазкур авиташувчиси Ўзбекистонга парвозларни 2021 йилда Тошкент ва Наманган шаҳарларига мунтазам қатновларни йўлга қўйиш билан бошлаган.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобиловнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 1 мартидан Самарқанддан Нукус, Мўйноқ, Термиз шаҳарларига ҳам мунтазам қатновлар бошланади. Бу ички туризмни ривожлантириш ҳамда юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонлар учун катта қулайлик яратади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 октябридан Самарқанд халқаро аэропортида “Очиқ осмон” режими жорий этилган.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА