“Al Jazeera”: Анқара террорчилар Сурия шаҳарларидан кетишини хоҳлайди
Анқара курдларнинг террор ташкилоти - “Сурия демократик кучлари” (SDF) гуруҳлари Алеппонинг уч шаҳри – Манбиж, Айн Ал-Араб ва Телл-Рифатни тарк этишини истайди, деб хабар тарқатди “Al Jazeera” телеканали Туркия расмий манбаларига таяниб.
Бинобарин, Туркия Сурия давлат ҳокимияти институтларининг мазкур шаҳарларга қайтишига рози.
Манбада келтирилишича, Россия томони ҳарбий амалиётга йўл қўймаслик учун Анқара талабини қондиришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун тегишли муддат берган.
Аввалроқ оммавий ахборот воситалари Анқара Сурияда қуруқликда амалиёт бошлашга тайёргарликни қарийб якунлагани, Қуролли кучлар энди Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг қарорини кутиб тургани ҳақида ёзганди.
Туркия 20 ноябрдан буён мамлакатда тақиқланган “Курдистон ишчи партияси”нинг Сурия қаноти позицияларига ҳаводан зарба бермоқда. Эрдоған ҳарбий амалиёт муваффақиятли ўтказилаётганини таъкидлаб, қуруқликда ҳам амалиёт бошланиши мумкинлигини маълум қилган.