Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ал-Хоразмий номидаги ёш математиклар халқаро олимпиадаси бўлиб ўтди.
Мазкур халқаро олимпиадада Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан жами 70 нафар ўқувчилар иштирок этишди.
Олимпиаданинг биринчи тури ёзма, иккинчи турида эса тест синовлари бўлиб ўтди.
Якуний натижаларга кўра, иштирокчилар 7 та олтин, 14 та кумуш ва 20 та бронза медалларини қўлга киритишди.
[gallery-12200]
Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг 3 нафари олтин медални қўлга киритди. Улар орасида Тошкент шаҳридаги Муҳаммад Ал-Хоразмий номли мактабнинг 8-синф ўқувчиси Элбек Зоҳиджонов ҳам бор.
— Олтин медални қўлга киритиш учун жуда кўп ўқидим, —дейди Элбек Зоҳиджонов. — Халқаро олимпиада бўлгани учун саволлар анча мураккаб бўлди. Шундай бўлса-да ҳам ёзма, ҳам тест синовларидан муваффақиятли ўтдим.
Қозоғистонлик Алинур Нессипбек ҳам олтин медални қўлга киритганидан мамнунлигини, Ўзбекистонга биринчи бор келиши ва юртимиз унда жуда яхши таассурот қолдирганини таъкидлади. Айниқса, тенгдошлари билан биргаликда Ўзбекистон боғи ҳамда музейларга уюштирилган саёҳатлар унда ўзгача таассурот ўйғотган.
Ал-Хоразмий номидаги ёш математиклар олимпиадасида олтин, кумуш ҳамда бронза медалларни қўлга киритган ғолиблар мутасаддилар томонидан муносиб тақдирланди.
Нигора Раҳмонова, Алимурод Мамадаминов, (фото) ЎзА