ФОТОРЕПОРТАЖ
Замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиб, барча соҳаларда ахборотлаштириш жараёни юқори суръатларда давом этаётган бугунги даврда мазкур соҳада малакали мутахассис кадрларга бўлган талаб ҳам кескин ортмоқда.
Ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактаб айни йўналишда малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган ташаббуслардан биридир. Мазкур мактабнинг Самарқанддаги филиалида ҳам аниқ фанлар ва ахборот-коммуникация технологияларига қизиқиши юқори бўлган ўқувчи ёшларнинг танлаган йўналишлари бўйича чуқур билим олиши учун етарлича шароитлар яратилган. Хусусан, ушбу таълим масканида бугунги кунда 500 нафардан ортиқ ўқувчи IT йўналишида таълим олмоқда.
[gallery-25919]
- Таълим масканимиз 504 ўринга мўлжалланган бўлиб, педагогик жамоамиз белгиланган тартиб асосида ўқувчиларнинг аниқ фанлар ва IT йўналишида чуқур билимга эга бўлишида фидойилик билан фаолият юритмоқда, - дейди мактаб директори Жавлон Муяссаров. – Мактабда ўқувчиларнинг бугунги кун талаби бўйича таҳсил олиши учун етарли шароитлар яратилган. Муассасамизда 58 та ўқув хонаси, 6 та компьютер хонаси, робототехника хонаси, физика, биология, кимё лаборатория хоналари, STEAM хонаси, 7 та хорижий тил хонаси, кутубхона, 250 ўринли фаоллар зали, спорт зали, ёзги спорт майдони, 250 ўринли ошхона, 224 ўринга мўлжалланган ётоқхона мавжуд бўлиб, ўқувчиларнинг билим олиши учун барча имкониятлар яратилган.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаб жамоаси ўз олдига қўйилган вазифа ва марраларни забт йўлида ёшларга замон талабига мос тарзда таълим бериш мақсадида доимо ҳаракатда. Ўқувчилар ҳам ўз навбатида ўқиш ва ўрганишга бўлган юқори қизиқиши билан таълим жараёнларига масъулият билан ёндашмоқда. Ўқувчиларнинг фанларни билиш, ўзлаштириш бўйича турли даражадаги миллий ва халқаро миқёсдаги сертификатларни қўлга киритаётгани илм масканида таълим-тарбия бериш жараёни белгиланган меъёрлар асосида ташкил қилинганидан далолатдир.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА