English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ал-Беруний” турнири: Арманистон, Ҳиндистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон шахматчилари етакчилик қилмоқда
14:00 / 2026-02-17

Бугун, 17 февраль куни пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида давом этаётган “Ал-Беруний” III халқаро турнирининг 5-тур ўйинлари бўлиб ўтади.

Мукофот жамғармаси 75 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг “Masters” гуруҳида ўтказилган 4-тур баҳсларида ҳамюртларимиздан Афруза Ҳамдамова оқ доналарда грециялик Борис Гельфандга имкониятни бой бериб қўйган бўлса, Муҳиддин Мадаминов ва Абдумалик Абдусалимов қарама-қаршилигидаги ўйинда дуранг қайд этилди.

Шунингдек, маҳоратли шахматчимиз Шамсиддин Воҳидов қора доналарда россиялик тажрибали Володар Мурзин билан муроса йўлини танлади.

Бугун ўтказиладиган 5-тур баҳсида Афруза Ҳамдамова оқ доналарда франциялик Этьен Бакро билан, Шамсиддин Воҳидов турнирда 3 очко билан етакчилик қилаётган арманистонлик Арам Акобян билан, Абдумалик Абдусалимов оқ доналарда Мурзин билан, Муҳиддин Мадаминов қора доналарда Борис Гельфанд билан куч синашади.

Халқаро турнирнинг “Challengers”, “Futures” ва “Open” гуруҳларида ҳам бугун 5-тур ўйинлари ўтказилади.

9 та турдан иборат турнирнинг ортда қолган 4 та тур сарҳисобига кўра, “Masters” гуруҳида Арам Акобян 3 очко билан етакчилик қилмоқда. Уни таъқиб этаётган ҳамюртимиз Шамсиддин Воҳидов ҳисобида 2,5 очко мавжуд.

“Challengers” гуруҳида 3,5 очко билан ҳиндистонлик Миттал Адитья, “Futures” гуруҳида 3 очко билан қозоғистонлик Алдияр Ансат, “Open” гуруҳида 4 очко жамғарган Беҳруз Умаро қўшимча кўрсаткичлар эвазига етакчилик қилмоқда.

Халқаро турнирнинг сўнгги 9-тур ўйинлари 21 февраль куни ташкил этилади.

Т.Рўзиев, ЎзА