Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатига кириш имтиҳонлари ўтказилди
13:23 / 2025-07-12

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2025 йил 15 майда “Президент иқтидорли фарзандлари” ташаббуси лойиҳаси доирасида ташкил қилинган Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатига кириш истагидаги самарқандлик ўқувчилар дастлабки тест синовларини топширди.

Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатига  республика бўйлаб очиқ танлов асосида 60 нафар иқтидорли ўқувчилар сараланиб, уч йил давомида уларга халқаро стандартлар асосида таълим берилади, хориждаги энг нуфузли университетларга киришлари учун имконият яратилади. Мазкур муассасаларнинг бошқа мактаблардан асосий фарқи шундаки, битирувчиларга (шаҳодатнома) билан бир қаторда етакчи хорижий олий таълим ташкилотларига ўқишга кириш имкониятини берувчи халқаро даражадаги (International Baccalaureate (IB) диплом берилади.

Тартибга кўра, мактаб-интернатига 2025/2026 ўқув йили учун ўқувчилар қабул икки босқичда – саралаш ва кириш имтиҳонлари шаклида ўтказилмоқда.

[gallery-24278]

Биринчи босқичдаги саралаш имтиҳонлари математика ва инглиз тили фанлари бўйича ўтказилиб, ҳар бир фан бўйича 40 тадан тест саволи тақдим этилди. Математика учун 90 дақиқа, инглиз тили учун 40 дақиқа вақт белгиланган. Имтиҳон натижалари 100 баллик шкала асосида баҳоланиб, ундан энг юқори кўрсаткич қайд этган 300 нафар номзод кейинги босқичда иштирок этади. Иккинчи босқичда математика фанидан 5 та ёзма масала, 60 дақиқа, инглиз тили фанидан “reading” ва “writing” кўникмалари бўйича топшириқлар, шу жумладан эссе ёзиш учун 50 дақиқа берилади. Иккала фан натижалари умумлаштирилиб, энг юқори балл тўплаган 60 нафар номзод мактаб-интернат ўқувчисига айланади.

- Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатига кириш истагида бўлган вилоятимиз ўқувчи ёшларидан 1026 та ариза келиб тушган, - дейди Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъул ходими Ориф Маърупов. – Талабгорлардан 998 нафарининг ҳужжатлари белгиланган талабларга мувофиқ бўлиб, улар тест жараёнларида иштирок этиш учун тасдиқланди. Бугун ўқувчиларимиз кириш имтиҳонларининг биринчи босқичида иштирок этишди. Иқтидорли ва билимли ўқувчилар кейинги босқичга йўл олади.

Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатига кириш имтиҳонларининг иккинчи босқичи Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари