Пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида давом этаётган “Ал-Беруний” III халқаро турнирининг ортда қолган 6-тур ўйинларидан кейин “Masters” гуруҳида арманистонлик Арам Акобян, “Challengers” гуруҳида 4,5 очко билан ҳиндистонлик Миттал Адитья, “Futures” гуруҳида 4,5 очко билан арманистонлик Артур Давтян, “Open” гуруҳида 6 очко жамғарган Саидамин Омонов қўшимча кўрсаткичлар эвазига етакчилик қилмоқда.
Бугун, 19 февраль куни мукофот жамғармаси 75 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг “Masters” гуруҳида ўтадиган 7-турида ҳамюртларимиздан Афруза Ҳамдамова қора доналарда Германия шарафини ҳимоя қиладиган Александр Донченко билан, Шамсиддин Воҳидов оқ доналарда франциялик Этьен Бакро билан, Абдумалик Абдусалимов оқ доналарда арманистонлик Шант Саргсян билан, Муҳиддин Мадаминов эса оқ доналарда россиялик Володар Мурзин билан куч синашади.
“Masters” гуруҳида пешқадамлик қилаётган Арам Акобян оқ доналарда грециялик Борис Гельфанд қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
“Ал-Беруний” III халқаро турнирининг 7-турдаги энг қизиқарли ўйинлардан бири ҳамюртимиз Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Миттал Адитья ўртасида кечади. Ушбу баҳсда Тоҳиржонова қора доналарда ҳаракатланади.
“Futures” гуруҳининг 7-турида турнир карвонбошиси Артур Давтян ҳамюртимиз Мадинабону Халилова билан, ушбу гуруҳда ғолибликка даъвогарлардан бири саналган қозоғистонлик Алдияр Ансат истеъдодли шахматчи қизимиз Умида Омонова билан рўбарў келади.
“Open” гуруҳида ғолибликка асосий даъвогар ҳисобланган ҳамюртларимиз Саидамин Омонов – Беҳруз Умаров тўқнашуви айнан бугун, 7-турда рўй беради.
Эслатиб ўтамиз, халқаро турнирнинг сўнгги 9-тур ўйинлари 21 февраль куни бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА