Австралия шарқий соҳилида хавфсизлик кескин кучайтирилди. Икки кун ичида тўрт марта акула ҳужуми содир этилиши ортидан ўнлаб пляжлар, жумладан Сидней атрофидаги машҳур дам олиш масканлари ёпилди. Мавсумнинг энг қизғин палласида, сайёҳлар жуда кўп келадиган пайт бундай қарор қабул қилиниши вазият ўта жиддийлигини кўрсатади.
Маълум қилинишича, Порт-Маккори сув ҳудудида чўмилаётган эркак акула ҳужумига учраб, шифохонага ётқизилган. Унинг аҳволи ҳозирча барқарор. Бу воқеадан кўп ўтмай, Манли қум соҳилида яна бир одам оғир жароҳат олди.
Мутахассислар хавфни об-ҳаво билан боғламоқда. Сўнгги кунларда кучайган ёмғир сувни лойқалатиб, акулалар учун қулай муҳит яратди. Лойли сувда кўриш имкони пасаяди ва акула тасодифий ёки ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ҳамлага ўтиши эҳтимоли ошади.
Қутқарув хизмати ходимлари аҳолига денгиздан узоқ туриш бўйича қатъий тавсия бермоқда.
Ҳозирча пляжлар хавфсиз эмас, - дейди хизмат раҳбари. - Шу боис одамлар ҳовузлар ва ёпиқ сув иншоотларига йўналтирилмоқда.
Статистикага кўра, Австралияда йилига қайд этиладиган ўртача 20 га яқин акула ҳужумидан камдан-ками ўлим билан якунланади. Шунга қарамай, бу ҳолат яна бир ҳақиқатни эслатади: табиат билан тўқнашувда эҳтиётсизлик кечирилмайди.
Мусулмон Зиё, ЎзА