Истанбул шаҳрида Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ ва Туркиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигида ТУРКСОЙ Халқаро театр мукофотларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Ўн биринчи бор ташкил этилган мазкур нуфузли халқаро тадбирда ташкилотга аъзо давлатларнинг театр санъати соҳасида самарали фаолият юритиб келаётган таниқли ижодкорлари 2025 йил якунларига кўра турли номинациялар бўйича тақдирланди.
Қувонарли жиҳати шундаки, мамлакатимиздан Ўзбек Миллий академик драма театри актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева “Энг яхши театр актрисаси” йўналишида халқаро мукофотни қўлга киритди.
Ҳар йили Халқаро Анадолу театр мукофотлари доирасида ўтказиладиган мазкур маросим туркий дунё театрлари ўртасидаги ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий маданий меросни саҳна санъати орқали намойиш этиш ва театр соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришни кўзда тутади.
Шу жиҳатдан мазкур мукофотлар нафақат шахсий муваффақиятларни, балки туркий дунё театрлари ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим маданият ва санъат платформаси ҳисобланади.
Ҳамюртимиз билан бирга, шунингдек, Қозоғистондан Еренбак Тойкенов “Энг яхши театр режиссёри”, Қирғизистондан Садир Ниязакунов “Энг яхши саҳна рассоми”, Озарбайжондан Али Амирли “Энг яхши драматург”, Туркманистондан Батир Чариев “Энг яхши театр актёри” номинациялари бўйича эътироф этилди.
Тақдирлаш маросимида сўз олган ТУРКСОЙ Бош котиби ўринбосари Сайит Юсуф театр туркий дунёда умумий маданий ўзликни асраб қолишда муҳим рол ўйнашини, санъат воситасида ўрнатилган ришталар турли ҳудудлардаги ижодий жамоаларнинг бир-бирини янада яқиндан танишига имкон яратишини таъкидлади.
Умуман айтганда, Истанбулда ўтказилган ушбу тақдирлаш маросими туркий оламнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган санъаткорларни бир жойга жамлаш баробарида театр санъатига бағишланган меҳнатларнинг халқаро даражада эътироф этилишига хизмат қилди.
Н.Усмонова,
ЎзА