O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида педагог-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва партиянинг фаоллари билан давра суҳбати ташкил қилинди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Ҳаитов, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири С.Турманов мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, айниқса ҳар бир соҳани ислоҳ этиш борасида қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятига тўхталди.
Ҳар бир соҳадаги ўзгариш ва янгиланишлар, айниқса асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилаш мақсадига йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасига киритилаётган ўзгартишлар сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш, таълимни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, фуқаролик жамияти институтларининг мақомини ва экологик муҳофаза каби масалаларни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш билан боғлиқ эканлиги таъкидланди.
[gallery-8114]
Бундан ташқари Қонунчилик палатасида қонунларни қабул қилишда сиёсий партияларнинг роли кучайганлиги, қонун лойиҳаларини партиялар фракцияларида олдиндан кўриб чиқиш, Қонунчилик палатаси ялпи мажлисларида ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда уларнинг фикрларини эшитиш амалиёти шаклланганлиги қайд этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА