Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов иштирокида Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги “Қорабура” маҳалласида яшовчи Нормўмин Рахматовнинг хонадонида томорқадан унумли фойдаланиш бўйича амалий семинар ташкил этилди.
Хонадон эгаси Нормўмин Рахматов тажрибаси ўрнак қилиб кўрсатилди. Н.Рахматов 30 сотих томорқасида кўкат маҳсулотларини экиб, бир йилда 3-4 марта ҳосил олади. Етиштирган маҳсулотини маҳаллий бозорда сотиб, даромад топмоқда.

Тумандаги ҳоким ёрдамчилари, партия фаоллари ва маҳалла фуқаролари иштирок этган семинарда томорқа маданияти ва ундан мўл ҳосил олиш сирлари ҳақида сўз борди. Томорқа хўжаликларида маҳсулот етиштиришни кўпайтириш орқали аҳоли даромадини ошириш, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш тизимини яратиш каби масалалар борасида маълумотлар берилди.

Шунингдек, А.Ҳаитов Жарқўрғон туманида иш бошлаган “ISTIQBOL MED CENTRE” клиникасидаги шароитлар билан танишиб, у ерда стационар тарзда даволанаётган беморлар билан суҳбатлашди.
Маълумки, мамлакатимизда хусусий тиббиётга шароит яратилгани натижасида чекка ҳудудлар, хусусан, туманларда ҳам замонавий клиникалар кўпаймоқда. Ана шундай клиникалардан бири Жарқўрғон туманида ҳам фаолият юритмоқда.

10 миллиард сўм маблағ асосида барпо этилган клиника шу йилнинг январь ойида иш бошлаган. Муассасада болалар ва катталар учун 7 турдаги тиббий хизмат кўрсатилади. Асосан, юрак қон-томир касалликлари, неврология, гинекология, отоларингология фаолият турлари учун замонавий диагностика ускуналари ўрнатилган бўлиб, ҳозирда маҳаллий аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Партия раиси мазкур клиникада фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари билан ҳам учрашув ўтказди. Мулоқотда 14-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити ва унда кўтарилган муҳим сиёсий масалалар ҳақида тушунча берди. Саммит доирасида халқаро масалаларда, хусусан, тиббиёт йўналишида йўлга қўйиладиган ҳамкорлик, давлатларнинг ўзаро тажриба алмашинуви борасида ҳам тўхталиб ўтди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА