Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Актам ҲАИТОВ: сайловолди берилган ваъдаларни сидқидилдан бажарамиз
14:06 / 2020-01-18

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.


Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумки, яқинда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди. Сайловнинг якуний натижаларига кўра ЎзЛиДеП Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 53 та ёки 35,3 фоиз ўринни эгаллаб, яна бир бор етакчи деган мавқени сақлаб қолди. 

Бу эса сайловчиларнинг партия дастурий мақсадларига ишонч билдирганидан дарак беради. Халқ ишончи эса партия фаоллари, айниқса парламент қуйи палатасидаги партия депутатлари зиммасига катта масъулият юклайди. 

photo5265052270905634205.jpg

Биргина давлат бошқаруви соҳасида кўплаб янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга изчил тақдим этиш назарда тутилган. Хусусан, истиқболда изчиллик билан сайловларнинг пропорционал тизимига ўтиш, “Электрон парламент” ва “Электрон Халқ кенгаши депутатлари” концепцияларини ривожлантириш, бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, “Электрон ҳукумат” концепциясини изчил амалга ошириш шулар жумласидандир.

Бундан ташқари иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида тадбиркорликка оид барча қонун ва қонуности ҳужжатларини тўлиқ инвентаризация қилиш орқали Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлашнинг соддалаштирилган тизимини жорий этган ҳолда ягона Инвестиция кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Қишлоқ хўжалиги кластерларини, кўп профилли фермер хўжаликлари тармоғини ривожлантириш ҳамда “Кластерлар фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиялараро тортишувларга фаол қатнашиш ва электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда партиянинг аниқ позициясини билдириш ва уни ҳимоя қилиш ҳар бир депутат учун вазифа эканлиги алоҳида таъкидланди. 

photo5265052270905634206.jpg

Бунинг учун эса албатта партиядан сайланган депутатлар Қонунчилик палатасида ўзининг мустаҳкам ва кучли фракциясини шакллантириш лозимлиги қайд этилди. 

Йиғилиш иштирокчилари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайланган 53 нафар депутатдан иборат ЎзЛиДеП фракциясини таъсис этиш бўйича таклифи ўртага ташланди. Ушбу масала атрофлича муҳокама қилингандан сўнг депутатлар томонидан якдиллик билан тасдиқланди. 

Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари лавозимига партия сиёсий кенгаш ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов номзоди таклиф этилди ва бир овоздан маъқулланди.

– Сайловолди берилган ваъдаларни сидқидилдан бажариш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз, – деди А.Ҳаитов. – Бунда нафақат депутатлар балки партиянинг ҳар бир фаолидан ишчанлик, ташаббускорлик талаб этилади. Биринчи галда партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни оғишмай бажаришга ва уни амалга оширишга қаратилган пухта “Йўл харита”сини ишлаб чиқиш муҳим. Халқимиз оғирини енгил қиладиган, муаммоларини ҳал этишга қаратилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратамиз. Бизнинг электоратимиз бўлган тадбиркорлар, ишбилармонлар, фермерлар, зиёлилар ва бизга тарафдорларни қўллаб-қувватлайдиган қонун лойиҳалари тайёрлаш ва уларнинг ижросини таъминлаш бўйича ишлашимиз керак. 

photo5265052270905634208.jpg

Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарларини сайлаш бўйича бўлиб ўтадиган сиёсий партиялар вакиллари Кенгашига партия фракциясидан ҳам вакилларни белгилаш масаласи муҳокама қилинди ва ЎзЛиДеП фракциясидан уч нафар номзод кўрсатилди.

Таъсис йиғилишда муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

photo5265052270905634212.jpg