Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АКТ соҳасини ривожлантириш учун 1,5 миллиард долларлик инвестиция киритилади
10:09 / 2021-12-30

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2021 йил 24 декабрь куни Ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда соҳани янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижроси муҳокама этилди.

Мамлакатимизда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш жараёнини янги босқичга олиб чиқиш, электрон ҳукумат тизимини жорий этиш ва шу йўналишда юқори рейтингга кўтарилиш муҳим экани қайд этилди. 2028 йилга қадар дастурий маҳсулот ва хизмат экспортини 1 миллиард доллардан ошириш асосий мақсад этиб белгиланган. Шунда IT PARK ҳам ўзига хос мегапроектга айланади. Бу тизимнинг бошқа йўналишлар экспортидан жуда катта фарқи бор, яъни бундай экспортда Ўзбекистонда қўшилган қиймат деярли 100 фоиз бўлади, қўшимча импорт маҳсулот ёки хом ашё талаб қилинмайди.

- Ҳозирги кунда инфратузилма компоненти, яъни қишлоқларгача юқори тезликдаги интернетни етказиб бориш долзарб вазифа бўлиб турибди, - деди вазир Шерзод Шерматов. - Уч йил давомида, асосан, ижтимоий-сиёсий объектларга оптик тола тортиш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Энди шу оптик толани ўша ерлик аҳолига етказиб бериш керак. Бунинг учун биз жойлардаги портлар сонини камида 1 миллионтага оширишимиз керак. Шунда камида бир миллионта қўшимча абонентга хизмат кўрсатиш имкони яратилади. Давлат идораларидаги мавжуд рақамли маълумотлардан хусусий сектор вакиллари томонидан ҳам ахборот хавфсизлиги талабига риоя этган ҳолда фойдаланишни йўлга қўйиш зарур.
2022-2026 йилларда АКТ соҳасини ривожлантириш учун умумий қиймати 1,5 миллиард долларга тенг инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. 2026 йил якунига қадар Ягона интерактив давлат хизмати портали орқали кўрсатиладиган электрон хизмат тури 610 тага етказилади. 2022 йил иккинчи ярмидан бошлаб ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали хорижий мутахассислар жалб этиш ҳамда хорижий инвесторларга қулай шарт-шароит яратиш чоралари кўрилади. Хусусан, чет эллик ишбилармонлар ва уларнинг оила аъзоларига Ўзбекистон Республикасида меҳнат ва инвестиция фаолиятини олиб бориши учун соддалаштирилган тартибда виза бериш, визани узайтириш тизими жорий этилади. Шу билан бирга 2022 йилда ахборот технологиялари экспортини ошириш ва хизмат сифатини яхшилаш орқали аҳолини рози қилиш энг устувор вазифа этиб белгиланди.

Ҳайъат мажлисида вазир ўринбосарлари, марказий аппарат, шунингдек тизимдаги корхона ва ташкилотлар раҳбар-ходимларининг кун тартибида белгиланган масалалар юзасидан ҳисоботи ҳам эшитилди. Кўтарилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Гўзал Сатторова,
ЎзА