Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АКТ Соҳасидаги ислоҳотлар: натижа ва мақсадлар
15:21 / 2021-05-10

Бугунги кунда ахборот коммуникация технологияларини жадал ривожлантириш, АКТдан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, соҳа билан машғул ёшлар контингентини кўпайтириш муҳим аҳамиятга эга.

 Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги айнан шу мезонлар асосида ўз фаолиятини давом эттириб, бир қанча зарур вазифаларни белгилаб олди.

Рақамли иқтисодиёт изчил ривожланишининг биринчи ва энг муҳим омили замонавий ахборот коммуникация технологиялари инфратузилмасини яратишдир. Бу бўйича Ўзбекистонда бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. 2020 йилда оптик толали тармоқларнинг умумий узунлиги 68,6 минг километрни ташкил этган бўлса, 2021 йил биринчи чоракда эса 81,7 минг километрга етказилди. Жорий йил охирига қадар ушбу кўрсаткични 118,6 минг километргача етказиш режалаштирилган.

Бугунги кунда 1 миллионта интернет тармоғига кенг полосали уланиш портлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 3 миллионга етказилди. 2021 йил охирига қадар портларнинг сони 3,9 миллионгача оширилади. Мазкур лойиҳа бўйича ишларнинг асосий қисми якунланганлиги муносабати билан 2021 йил 1 январдан транспорт каналларини ижарага бериш хизмати жорий нархи 2 баробарга арзонлаштирилди.

2020 йилда республика бўйича 31,7 мингдан ортиқ мобиль алоқа база станциялари мавжуд бўлган бўлса, 2021 йил биринчи чоракда 945 та база станцияси ишга туширилиб, ҳозир жами 32,68 мингдан ортиқ мобиль алоқа база станцияси фаолият кўрсатмоқда.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мобиль интернет хизматлари нархларини янада арзонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Қолаверса, 2019-2020 йилларда оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун тариф мавжуд техник қувватларни кескин ошириш ҳисобига 2021 йил январдан оператор ва провайдерларга халқаро пакетли коммутация маркази (ХПКМ) орқали тақдим этиладиган 1 Мегабит/с тезликдаги канал нархи 2 баробарга арзонлаштирилди ва ҳозирги кунда ушбу хизмат нархи 40 минг сўм этиб белгиланган. Бу, ўз навбатида, оператор ва провайдерларнинг республикамизнинг чекка ҳудудларида фаолиятини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади. Жорий йил майдан ушбу хизмат нархи яна 30 фоизга арзонлаштирилмоқда.

Мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишларни халқаро порталлар ҳам эътироф этмоқда. Мисол учун, Британиянинг Cable.co.uk портали дунёдаги мобиль интернет нархлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон 230 мамлакат орасида 21-ўринни эгаллади. Бир йил давомида мамлакатимиз кўрсаткичлари 33 поғонага кўтарилди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, 2020 февраль ойида ушбу сайтда (https://www.cable.co.uk/) мобил интернет нархи арзонлиги бўйича рўйхатда Ўзбекистон 54-ўринни эгаллаган эди.  

Мамлакатимизда ижтимоий соҳа объектларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш доирасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 9 минг 347 та халқ таълими, 5 минг 625 та мактабгача таълим муассасаси ва 3 минг 401 та соғлиқни сақлаш объектига жами 18 минг 373 километр оптик толали алоқа линиялари етказилиб, юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиш имконияти яратилган.

Бир миллион дастурчи – келажак пойдевори

Юртимизда ёшлар ва масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилувчи “Ёшлар мурожаати” электрон платформасини яратиш устида ишлар олиб бориляпти. Бу платформа ёшларнинг илм олиши, касб-ҳунарли бўлиши, бир сўз билан айтганда, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун хизмат қилади. Мазкур йўналишнинг мантиқий давомида сифатида ўсиб келаётган навқирон авлодни АКТ соҳасига янада қизиқтириш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида жорий йилда юздан зиёд шаҳар ва туманда Рақамли технологиялар ўқув марказлари очилади.

Шу билан бирга, ёшларнинг соҳага оид илмий изланишларини давом эттиришини таъминлаш, янада кенгайтириш мақсадида Тошкент вилоятида Ахборот технологиялари университети филиали ҳамда барча ҳудудларда техникумлар фаолияти йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини истиқбол сари ташланган муҳим стратегик қадам, деб бемалол айтиш мумкин. Лойиҳа доирасида 120 мингдан зиёд ўқувчи таълим олиб, улардан 18 мингдан ортиғи курсларни муваффақиятли тугатди. Келгуси икки йилда бу кўрсаткични 300 мингга етказиш ва уларни компьютер технологиялари йўналишида бепул ўқитиш, масофавий таълим ва дарсларни онлайн ўтказиш имкониятини яратадиган “Онлайн, Рақамли, Хавфсиз ихтисослаштирилган мактаб”, “Олий таълим жараёнларини бошқариш” ахборот тизимлари ишга туширилади. 2021 йилдан бошлаб халқаро IT сертификатларини қўлга киритган ёшларга харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисмини қоплаб бериш вазифалари белгиланди.

 

Ёш стартапчилар учун кенг имкониятлар

IT-стартапларига кўмак бериш ва АКТ соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳаллий олий таълим муассасалари қошида IT-Инкубация марказлари ташкил этилмоқда. Ҳозирги кунда шу каби марказлар Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, Тошкент молия институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа, Амити, Турин политехника университетлари, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Андижон машинасозлик институти, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида фаолият кўрсатмоқда.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гап кетар экан, IT-парклар фаолияти хусусида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Зеро, 2020 йилда мамлакатимизда иш бошлаган IT-парклар резидентлари томонидан жами 750дан ортиқ янги иш ўрни яратилди, дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажми 346,2 миллиард сўм, жумладан, экспорт ҳажми 8,4 миллион долларни ташкил этди. Шундай экан, Тошкент шаҳрида IT-рark резидентлари сонини кўпайтириш ва уларга етарли имкониятлар яратиш муҳим вазифалардандир. Шу мақсадда хориждан жалб қилинган эксперт билан ҳамкорликда умумий майдони 408 минг квадрат метрга тенг ҳудудда инфратузилма объектларини бунёд этиш концепцияси ишлаб чиқилиб, қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Унинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш бўйича жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар билан қўшма қарорлар имзоланиб, ҳар бир лойиҳа бўйича бажариладиган вазифалар тармоқ жадваллари тасдиқланди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Наманган вилоятларида IT-парк филиаллари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Шу пайтга қадар IT-паркнинг ҳудудий филиаллари бинолари Андижон (“Digital City” технопарки), Фарғона (IT Park Марғилон филиали), Сирдарё (IT Park Гулистон филиали), Қашқадарё, Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида фойдаланишга топширилган эди. Андижон филиалида 10 та, Марғилон филиалида 7 та резидент фаолият юритмоқда. Қувонарлиси, уларда 2020 йилнинг ўзида 400дан зиёд корхона фаолият бошлаб, 900дан ортиқ дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

2020 йил 6 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни ИТ-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, ўтган йилда ихтисослаштирилган таянч мактаблари ташкил этилиб, жиҳозланди, тизимдаги корхона ва ташкилотлар уларга ҳомий сифатида бириктирилди ва 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Шунингдек, қарорда 2021 йилда 82 та, 2022 йилда 64 та ва 2023 йилда 45 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу каби чора-тадбирлар соҳада бошланган ислоҳотлар кўламидан далолат беради.  

АКТ йўналишидаги таълим жараёнлари

Ёшларнинг АКТ йўналишига қизиқишларини инобатга олиб, Тошкент ахборот технологиялари университетида 2020/2021 ўқув йилида янги Рақамли иқтисодиёт бакалавр таълим йўналиши ҳамда 8 та янги магистратура мутахассислиги очилди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан мазкур олийгоҳ тузилмасида Ўзбек-Беларусь қўшма факультети ташкил этилиб, 2020/2021 ўқув йили учун факультетга 500 нафар талаба қабул қилинди. Умуман олганда, бугунги кунда ТАТУ ва унинг филиалларида жами 15 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.

АКТ соҳасида тўхташ ва узилиш бўлмайди. Бу борадаги узлуксизликни таъминлашда эса хориж тажрибасини чуқур ўрганиш, энг илғорларини маҳаллий кадрлар тайёрлаш тизимига татбиқ этиш долзарб ҳисобланади. Шу маънода 2019 йилда Тошкент шаҳрида фаолият бошлаган Амити университети муҳим аҳамиятга эга. Унга хорижий мамлакатлардан 17 нафар PhD даражасига эга профессор-ўқитувчи жалб қилинди. Ўтган ўқув йилида 498 нафар талаба биринчи босқични якунлади. 2020/2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари тўлиқ онлайн шаклда ташкил этилиб, мазкур олий таълим муассасасига 384 нафар талаба қабул қилинди.

Жанубий Кореянинг пойтахтимиздаги Инҳа университетида ҳам жараёнлар қизғин. Айни пайтда ушбу даргоҳда 51 нафар профессор-ўқитувчи ва ассистент фаолият юритиб келяпти. Талабаларнинг умумий сони 1506 нафарни ташкил этади.  

Маълумки, IT жабҳаси учун бўлажак мутахассисларни тайёрлаш жараёнлари қанча эрта бошланса, келажак учун яратилаётган пойдевор шунча мустаҳкам бўлади. Юртбошимиз ташаббуси билан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилгани соҳада муҳим қадамлардан бири бўлди. Айни пайтда у ерда Ўзбекистоннинг илғор кадрлари таълим оляпти, имижи ва потенциали шакллантирилмоқда. Жорий ўқув йилида уларнинг сафи янада кенгайди. Яъни қабул квотаси 330 нафар этиб белгиланди ва кириш имтиҳонлари республикамизда биринчи маротаба онлайн шаклда икки босқичда ўтказилди.

Айни чоғда 5 та муҳим ташаббус доирасида аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш масаласи ҳам доимий эътиборда. Ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида эса республика бўйича биргина 2020 йилда 107 та рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилди. Ўтган йилнинг ўзида уларда ташкил этилган ўқув курсларини 15 мингдан ортиқ тингловчи якунлади.

Электрон ҳукумат

Аҳолига қулайлик яратиш ва давлат органларининг самарадорлигини ошириш, Электрон ҳукуматни такомиллаштириш рақамлаштириш жараёнларининг устувор йўналишларидан биридир. Давлат органлари ва аҳоли ўртасида интерактив мулоқотнинг самарали механизми яратилиши нафақат фуқароларнинг вақт ва маблағларини тежашга, шу билан бирга, давлат органларининг фаолиятини тубдан яхшилашга замин яратади, электрон ҳужжат айланиши орқали уларнинг вақт ва харажатларини тежайди, очиқлик ва ошкораликни таъминлайди.

Электрон ҳукумат тизимини ривожлантиришда Ягона интерактив давлат хизматлари портали муҳим ўрин тутади (my.gov.uz). 2020 йилда Ягона портал хизматини ривожлантириш доирасида муҳим ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўтган йили портал орқали 9,8 миллионта ариза келиб тушган. Ягона порталнинг фойдаланувчилари сони 185 мингга кўпайиб, 380 мингтага етди. Бугунги кунда Ягона портал орқали 218 та давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Жорий йил бошида янги хизмат жорий этилди. Энди фуқаролар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали биометрик паспортни ID картага алмаштириш учун ариза топшириши мумкин.  

Ягона интерактив давлат хизматлари порталини такомиллаштириш ва фойдаланувчиларга янада қулайлик яратиш бўйича изчил ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг Android va OS платформада ишлайдиган мобиль иловаси яратилди ва ишга туширилди. Дастурнинг функционал жиҳатлари калит сўзлар орқали қидирувни амалга ошириш, юборилган аризани кўриб чиқиш жараённинг мониторингини олиб бориш, давлат хизматлари марказларининг геолокациясини кўришга имкон беради.

Ягона порталнинг яна бир муҳим афзалликларидан бири, фуқаролар имтиёзли равишда, 10 фоиз чегирма билан давлат хизматлардан фойдаланишлари мумкин.

Сўнгги йилларда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш бўйича муҳим ишлар бажарилди. Уларнинг мантиқий узвийлигини таъминлаш мақсадида “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, ижроси изчил таъминланяпти. Учраётган камчилик ва муаммоларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Бу борада комплекс чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жумладан, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясига асосан келгуси уч йилда ҳудудлар ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш бўйича 2,6 триллион сўмдан ортиқ бўлган 1 минг 627 та лойиҳа амалга оширилади. Хусусан, “Рақамли Тошкент” дастури доирасида 30дан ортиқ ахборот тизимини яратиш ва интеграция қилиш, “Ягона тез тиббий ёрдам” ахборот тизимини татбиқ этиш, Тошкент шаҳридаги 88 та кўп тармоқли ва оилавий поликлиникада “Электрон поликлиника” ахборот тизимини жорий этиш борасида ишлар амалга оширилмоқда.

2021 йил учун комплекс чора-тадбирлар  

2021 йилда пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш мақсадида соҳада олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар жадал давом эттирилади. Соҳа корхоналари томонидан 168,5 миллион долларлик дастурий маҳсулотлар тайёрланади, экспорт ҳажми 20,0 миллион долларга оширилади. Рақамли инфратузилмани ривожлантириш борасида қиймати 423,5 миллион долларга тенг инвестициялар, шу жумладан, 127,5 миллион долларга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинади.

Телекоммуникация тармоғини кенгайтириш мақсадида жорий йилда 50 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилиб, уларнинг умумий узунлиги 118,6 минг километрга етказилади. Бунда олис қишлоқ аҳоли масканлари ва ижтимоий инфратузилма объектларига алоҳида эътибор қаратилиб, мавжуд барча ижтимоий объектларни тезкор интернет тармоғига улаш ишлари якунига етказилади.

Икки мингта қўшимча мобил алоқа база станциясини ўрнатиш орқали уларнинг умумий сони 33,7 мингтага, аҳоли масканларида кенг полосали мобиль интернет қамрови даражаси 95 фоизгача оширилади.

“Электрон тижорат тўғрисида”, “Электрон рақамли имзо тўғрисида” ва “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади.

2021 йил якунига қадар Нукус, Урганч, Наманган, Қарши, Термиз ва Тошкент шаҳарларида ҳам IT-парк филиаллари фаолияти йўлга қўйилади. Тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўламини янада кенгайтириш, шунингдек, барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш мақсадида 289 та тиббиёт муассасасининг IT-инфратузилмасини яратиш, компьютер ускуналари билан жиҳозлаш орқали уларни тўлиқ рақамлаштириш ишлари амалга оширилади ҳамда тиббиёт муассасалари ўртасида масофавий тиббий ва таълим хизматларини кўрсатиш бўйича “Телемедицина” тизими жорий этилади.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида талабгорлиги юқори бўлган 60 та электрон давлат хизматини жорий этиш бўйича рўйхат шакллантирилади ва йил якунига қадар жорий этилиши таъминланади. Шу билан бир қаторда, “E-qaror” электрон тизими республиканинг барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида жорий этилади ҳамда Очиқ маълумотлар порталининг инфратузилмаси ва дастурий платформаси модернизация қилинади.

Ҳар бир вилоятда ташкил этиладиган Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказларини юқори тезликдаги интернет тармоқларига улаш чоралари кўрилади. Шунингдек, агросаноат мажмуида ягона интеграцион платформани ташкил қилиш бўйича “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ахборот тизими яратилади.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Тошкент вилояти филиали ташкил этилади. Ҳудудларда ахборот технологиялари бўйича кадрлар тайёрлайдиган техникумлар фаолияти йўлга қўйилади. Қолаверса, туманлар ҳамда шаҳарларда босқичма-босқич жами 82 та умумтаълим мактаби негизида информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти йўлга қўйилади.

Почта алоқаси соҳасида туб ислоҳотларни амалга ошириш, давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларида уларнинг имкониятларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, Умумжаҳон почта иттифоқининг Почта ривожланиши индекси глобал рейтингида мамлакатимизни биринчи 50 таликка киритиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

Мухтасар қилиб айтганда, ахборот коммуникация технологиялари соҳасида мақсадлар катта. Асосийси, уларнинг ижросини ўз вақтида сифатли таъминлашдир. Бинобарин, вазирлик бу борада бор имкониятлари ва салоҳиятини тўлиқ ишга солган ҳолда соҳа ривожи учун улкан ютуқларга эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Муҳтарама Комилова, ЎзА