French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АКТ соҳасидаги ҳамкорлик ривожланади
15:29 / 2021-06-01

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов бошчилигидаги делегация 1-4 июнь кунлари Минскда бўлиб ўтадиган «TIBO-2021» XXVII халқаро ахборот-коммуникация технологиялари форумида иштирок этиш учун Беларусь Республикасига борди.

Ушбу форумда халқаро миқёсдаги етакчи компаниялар, IТ-университетлар раҳбарлари, IТ-экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши кўзда тутилган.

Вазирлик маълумотига кўра, «TIBO-2021» форуми дастури III Евроосиё рақамли форуми, IV Беларусь АКТ саммити, «Рақамли иқтисодиёт« форуми, Халқаро электралоқа иттифоқининг «5G дастурини мобиль телекоммуникация тармоқларида жорий этиш ва ишлатиш тажрибаси» номли минтақавий ўқув семинари каби 30 дан ортиқ асосий тадбирни ўз ичига олган. Шунингдек, тадбир давомида «TIBO-2021» Интернет мукофоти», «Belarus ICT Startup Award» мукофоти, мактаб ўқувчилари ўртасида ижодий дастурлаш бўйича V Халқаро Scratch-олимпиадасининг саралаш босқичи натижалари сарҳисоб қилинади.

Ш.Содиқовнинг Минскдаги илк учрашуви Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети ректори Вадим Богуш билан бўлиб ўтди. АКТ вазири бугунги кунда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ўзаро шериклик муносабатлари самарали ривожланиб бораётганини таъкидлади.  

Маълумки, Беларусь Президентининг 2018 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети билан ҳамкорликда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга йўналтирилган қўшма факультет ташкил этилган. Бугунги кунда ҳамкорлик асосидаги факультетнинг биринчи курсида 361 нафар талаба, иккинчи курсда 484 талаба учта йўналишда таълим олмоқда. Факультетда ўқитиш «2 + 2» модели асосида амалга оширилади. Талабалар ўқишни битиргандан сўнг иккала университетнинг дипломига эга бўлади.

Мулоқот давомида икки университет ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу жумладан, бакалавр ва магистр даражалари бўйича янги мутахассисликларни очиш ҳамда Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети ўқитувчилари билан онлайн шаклда дарс ва маърузалар ўқитилишини йўлга қўйиш, ўқитувчилар амалиётини ташкил этиш, биргаликда тадқиқотлар олиб бориш масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур учрашув ва ўтказилган музокаралар икки университет ўртасидаги муносабатларни янги даражага кўтариб, таълим ва фан соҳасида ҳамкорлик асосидаги дастурлар ва лойиҳаларни самарали амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Умуман, «TIBO-2021» форуми доирасидаги иштирок мамлакатимизнинг ахборот коммуникация соҳасидаги тажрибаларини бойитишга хизмат қилади.

 

М.Комилова, ЎзА